27 Yanvar 2022 Yil 1427

Фахрийлар – фахримиз. ЭЛ КОРИГА ЯРАШ БАХТИ

Тошкент шаҳри. 1957 йил. Жўра ака хонадонида ўғил дунёга келди. Унга яхши ният билан Фатхулла дея исм қўйишди. Бу исм – ғолиблик, зафар қучиб яшаш ёки ғалаба деган маъноларни англатади. Шундай бўлди ҳам. Қаҳрамонимиз ҳаётда ҳақиқатан ҳам кўпгина ютуқларга эришди, кўзлаган марраларини забт этди, жамиятда ўз ўрнига эга бўлди.
У дастлабки фаолиятини Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш бирлашмасида бошлади. Эл-юрт осойишталиги йўлидаги хизматининг асосий қисми Тошкент шаҳар ИИББ идора ва тизимларида, айниқса, Кадрлар билан ишлаш хизматида кечди. Айнан мана шу даврда бош бошқарма миқёсида 500 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирларнинг юқори савияда ўтказилишида бевосита иштирок этди.
Ҳар бир юрт посбони соҳага энди қадам қўйганида устозларидан йўл-йўриқ ўрганади. Дастлаб Қўриқлаш бирлашмасига қабул қилинганида полковник Юрий Курбатовдан соҳанинг сир-асрорларини пухта эгаллади. Кейинчалик полковник Ўткир Жўраев, Тошкент шаҳар ИИББга ўтганида эса полковник Абдурашид Шодиев унга устозлик қилди. Ўзи ҳам қарийб 36 йиллик хизмати давомида кўплаб шогирдлар етиштирди. Ҳозирда нафақат пойтахтда балки республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган кўплаб осойишталик посбони Ф.Шерматовни ҳурмат қилиб, устоз дея йўқлаб туришади.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББнинг ҳуқуқий-маърифий нашри ҳисобланган «Огоҳ» газетаси таҳририятига бош муҳаррир бўлган йилларида унинг салоҳиятидаги янги қирралар намоён бўлди. Пойтахт осойишталик посбонларининг ҳуқуқий билимини янада ошириш, уларни юртимиз ва хорижда рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан тезкорлик билан хабардор қилиш, уларда жамият ҳаётидаги ўзгаришларга муносабатини шакллантириш борасида бор билим ва маҳоратини сафарбар этиб, ходимларнинг, айниқса, ёш осойишталик посбонларини юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Истеъфодаги подполковник Фатхулла Шерматов пенсияга чиққанидан сўнг ҳам бекорчи бўлиб қолмади. Ҳозирда Бош бошқарма Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматида ўзининг кўп йиллик тажрибаси билан ходимларга қўлидан келганича соҳа ривожи учун ёрдам бериб келмоқда. Шунингдек, ИИББ Фахрийлар кенгаши қошида ташкил этилган фахрийлар мактабига раҳбарлик қилиш асосида идора ва тизимларда фаолият юритаётган ёш ходимларга тажрибали фахрийларни бириктириб, уларнинг соҳада ҳамда ҳаётда муносиб ўрнини топишида кўмаклашмоқда.
Бундан ташқари, Фатхулла Жўраевич ўзи истиқомат қилаётган маҳалла фуқаролар йиғини раисининг нуронийлар билан ишлаш бўйича маслаҳатчиси сифатида бор билим ва тажрибасини ишга соляпти. Бундан аҳоли ҳам мамнун, айниқса, оилавий можароларни ҳал этиш, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни муросага келтиришда кайвони сифатида маҳаллага ёрдами тегмоқда.
Оилада тўрт нафар фарзанднинг насиҳатгўйи, 10 нафар набиранинг меҳрибон бобоси. Фарзандлари ичида Фарҳод ота изидан кетиб, ички ишлар органларида фаолият юритмоқда. Ҳозирда подполковник Фарҳод Шерматов Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ва ЖТСБ 2-Махсус сафарбарлик батальони командирининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида хизмат қилиб келмоқда.
Эл корига яраш, ўз меҳнати билан юрт равнақига ҳисса қўшишдек савобли ишнинг бошини тутган қаҳрамонимизнинг ҳали орзу-ниятлари, режалари бисёр. Бу йўлда тиним билмай одимлайди. Одамларга яхшилик қилишда давом этаверади.

Сарвар СОБИРОВ, «Postda» мухбири.

Barcha yangiliklar

Text to speech