9 Dekabr 2022 Yil 1456

БАРЧА МИЛЛАТ ВАКИЛЛАРИ – БИР ОИЛА

Бош қомусимизнинг 18-моддасида «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар» деб белгилаб қўйилган. Ҳозирги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшамоқда. Улар барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб, ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуришга ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Ана шундай оилалардан бири Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар бошқармасида фаолият юритаётган катта муҳандис, катта сержант Алишер Турсунов ва турмуш ўртоғи, кичик мутахассис, сержант Манзура Турлибековалар оиласидир.
Мамлакатимизда оила азал-азалдан муқаддас қўрғон саналган. Мазкур осойишталик посбонларининг орзулари катта. Улар бугунги кунда Конституциямиз берган ҳуқуқдан фойдаланиб, ИИВ Академиясида сиртдан таълим олмоқда. Шу билан бир қаторда, келажагига катта умид боғлаган фарзандлари – пойтахтдаги 94-умумий ўрта таълим мактабининг 2-синфида таҳсил олаётган Санжар ва мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Даянани вояга етказмоқда.
Дарҳақиқат, оила масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор бериб келинади. Шу боис оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий асослари ҳам Бош қомусимизда мустаҳкамланган. Жумладан, 63-моддада оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиши белгиланган.
Қувонарлиси, ушбу оилага ИИВ томонидан 2021 йилнинг апрель ойида имтиёзли кредит асосида уй топширилди. Бу ҳам бўлса ички ишлар органлари ходимларига давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Сарвар СОБИРОВ,
«Postda» мухбири.
Абу КЕНЖАЕВ олган сурат.

Barcha yangiliklar

Text to speech