25 Fevral 2022 Yil 1221

Ҳафта қаҳрамони. ЗИЙРАК, ЧАҚҚОН ВА НИГОҲИ ЎТКИР

ЙПХ ходими қидирувда бўлган шахсни аниқлади

Тошкент шаҳридаги «дарвозалар»дан бири – «Шарқ» мунтазам ЙПХ маскани. Ички ишлар органлари ходимлари ҳар бир ўтаётган транспорт воситасини «рентген»дан ўтказишяпти.

Мунтазам ЙПХ масканига бириктирилган ЙПХ инспектори, сержант Нуриддин Досимов давлат рақами бўлмаган «Tracker 2» автоуловини тўхтатади. Ҳайдовчиси 1990 йилда Навоий вилоятида туғилган фуқаро У. М. муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан айбланиб, ҳозирда қидирувда эканлиги планшетдаги ИИВ “АБД” тизими орқали аниқланди. Қонунбузарга нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилиб Бектемир тумани ИИОФМБга олиб бориб топширилди.

2021 йилнинг декабрида ушбу ЙПХ масканига хизматга ўтказилган бўлса, шу вақт мобайнида 20 дан ортиқ гиёвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятни ҳам 2 та қидирувда юрган фуқарони аниқлашда жонбозлик кўрсатди. Бундан ташқари, ходимнинг қонуний талабига бўйсунмай қочиб кетган ҳайдовчиларни ҳам ўз вақтида ушлаб, қонун ҳукмига топширишда ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда.

... «Шарқ» ЙПХ масканидан ўтиб кетаётган «Cobalt» русумли автомашинага тўхташ ишораси берилади. Аммо ҳайдовчи унга бўйсунмай қочишга тушади. Сержант Н. Досимов югуришда тенги йўқлиги, абжир ва чаққонлигини намоён этиб, ушбу автоулов ортидан югуриб етиб, олдини тўсиб ушлайди.  Ҳайдовчи 1982 йилда Фарғона вилояти Риштон туманида таваллуд топган С.Ч.га нисбатан маъмурий баённома тузилди.

Қаҳрамонимиз Нуриддин Досимов 1987 йилда Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида туғилган. Ўртачирчиқ туманидаги қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини тугатганидан сўнг, ҳужжатларини ички ишлар органига топширади. 2008 йилда Тошкент шаҳар ИИББ ППХ бригадаси 5-батальонида хизматини бошлайди. 2015 йилда эса ИИББ ЙҲХБ ЙПХ бригадаси 5-дивизионига ўтказилади. 2021 йил декабридан ҳозирги эгаллаб турган лавозимида фаолиятини давом эттирмоқда. Оилали, уч нафар фарзанди бор.  

 

Сарвар СОБИРОВ, «Postda» мухбири. 

АБу КЕНЖАЕВ олган суратлар.

Barcha yangiliklar

Text to speech