27 Август 2024 йил 1237

Ютуқларим Ватанимга туҳфа

Асия Сугурбоева спортнинг қўл жанги тури билан шуғулланишини айтганида отаси Нурмат ака аввалига рўй-хуш бермади. Бироқ қизининг шашти ва интилишини кўриб, қийналса, ўзи ташлайди, деб қўя қолди. Асия эса мақсади сари интилиб, янги ва янги муваффақиятларга эриша борди. Республикамиз миқёсида ўтказилган нуфузли мусобақаларда қатнашиб бир неча бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Халқаро  турнирларда қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келди. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетини муваффақиятли тамомлади. 2019 йилда эса аввалдан орзу қилган Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ППХда хизмат фаолиятини бошлади. Спортчи қизга бошқарма батальон командири, подполковниклар Абдулла Хаджимухамедов, командир ўринбосари Чоршанби Чоршанбиевлар мураббийлик қилишди. Фақат марраларни кўзлайдиган, ортга чекиниш нималигини билмайдиган тиришқоқ Асия  тез орада  касбга мослашиб, керакли кўникмалар ҳосил қилди. Спортда орттирган сабр, чиниқиш, тиришқоқлик унга касбни ўзлаштиришда қўл келди. Хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш билан бирга спорт билан шуғулланиб, маҳоратини ошириб борди. 2023 йили Армрестлинг бўйича ўтказилган Республика мусобақасида чемпионликни қўлга киритди. Вазирлик миқёсида ўтказилаётган қўлжанги мусобақаларида эса совринли ўринларни эгаллаб келмоқда.  Жорий йилда шаҳар ИИББ миқёсида ўтказилган “Тўмарис издошлари”  мусобақасида у етакчилик қилган жамоа 1-фахрий ўринни эгаллади. ИИВ тизимида  ўтказилган волейбол мусобақасида у етакчилик қилган жамоа  3-фахрий ўринга муносиб топилди.

Пойтахт ИИББ ППХ бригадаси 2-махсус сафарбарлик батальони 3-отряд командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, капитан Асия Сугурбоева ўз хизмат фаолиятида ходимларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш, хизмат вазифаларини аъло даражада бажаришини таъминлаш борасида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Ўнлаб ходимларнинг оилаларига режали моддий ва маънавий, ижтимоий ёрдам кўрсатилишида бош-қош.  

Капитан Асия Сугурбаева мустақиллик тенгдоши. Мустақиллик ҳақида эса у:

– Ҳаётда эришган ҳар бир муваффақиятимда мустақиллигимизнинг шарофатини кўраман. Севимли спорт тури билан шуғулланишим, севимли касбимда фаолият юритишим, ўқиш ва изланишда имконият эшикларининг очиқлиги – буларнинг барчаси истиқлол берган неъматлардир. Менинг ютуқларим – бу юртимнинг ютуқлари, деб ўйлайман. Унинг тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш борасида арзимас бўлсада ҳиссам борлигидан бахтиёрман, – дейди.

Барча янгиликлар

Text to speech