27 Август 2024 йил 1016

Юртимни дунё танисин, дейман

Отабек  Зайниддинов Ватанимиз ўз мустақиллигини қўлга киритган –1991 йилда туғилган. Истиқлол шабадаси боис юртимиз катта ўзгариш ва янгиланишга юз тутди. Лавҳамиз қаҳрамони ана шу буюк қурилишлар, ўзгаришлар билан ҳамқадам вояга етди. Тошкент шаҳар автомобиль ва йўллари коллежини тамомлаган Отабек Ўзбекистон Қуролли кучларида хизматни ўтаб қайтгач, Тошкент Автомобиль ва йўллар олийгоҳига ўқишга кирди. Уни муваффақиятли тугатиб, ИИВ Академияси касбий тайёргарлик факультетида таҳсил олиб, лейтенант унвонида пойтахт ИИББ ЙҲХБ катта инспектори лавозимида хизмат бошлади. Бошқарма инспектори, сержант Иброҳим Якубовдан хизматнинг ўзига хос жиҳатларини ўрганди. Пойтахт кўчаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида корхона-ташкилот, ўқув муассасаларида йўл қоидаларига риоя қилиш, қоидабузарликларнинг олдини олиш борасида тарғибот ишларини самарали олиб борди. Содир этиладиган оғир йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабабчилари бўлмиш маст ҳамда тезликка риоя қилмайдиган “учар”ҳайдовчиларга нисбатан муросасиз чоралар кўрди. Унинг ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашуви, қоидабузарларга муросасизлиги раҳбарият эътиборидан четда қолмади. 2022 йили Отабек ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси жамоат хавфсизлиги бўлими йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи катта инспектори лавозимига ўтказилди. Катта лейтенант Отабек Зайниддинов бугунги кунда ўз вазифаларига масъулият билан ёндашиб, пойтахтимизга ташриф буюрувчи ички ва ташқи сайёҳларнинг шаҳримиз ҳудудида жойлашган тарихий обидалар, диққатга молик манзиллар, осори-атиқаларни зиёрат қилишда хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш борасида хизматни давом эттирмоқда.

– Истиқлол туфайли юртимиз дарвозаси сайёҳлар учун очилиб, тарихимиз, аждодларимиз қолдирган меросимиз, қадимий иншоотларимиз ва бугунги бунёдкорлик ишларимиз билан танишиш, ўрганиш иштиёқида бўлганлар сони кўпайиб бормоқда, – дейди Отабек. – Тарихий обидаларимиз, муқаддас манзилгоҳларимизни завқ ва катта қизиқиш билан зиёрат қилаётган, атрофга ҳавас билан боқаётган сайёҳларни кўрганимда, шу юрт фарзанди эканлигимдан фахрланиб кетаман. Ўзбекистонимнинг ютуқлари бошқа юртларда овоза бўлиши, ҳавас уйғотишини, дунё танишини истайман.

Барча янгиликлар

Text to speech