4 Сентябр 2024 йил 1083

Янги ўқув йили бошланди

Бугун эрта тонгдан пойтахтимиз кўчалари чиройли мактаб формалари кийиб, сочларига оппоқ бантлар таққан, қўлларида ранго-ранг турфа гуллар кўтарган мактаб ўқувчилари билан тўлди. Ҳар бирининг юзида ҳаяжон ва ўзгача қувонч. Барча билим масканлари: мактаблар ва лицейларда “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз” шиори остида биринчи қўнғироқлар жаранглади.

Билим олишга интилиб бораётган ёшларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш тадбирларига Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда Миллий гвардия ходимлари жалб этилиб, улар ўзларига бириктирилган ҳудудларда билимлар кунининг кўтаринки руҳда ўтишини уюшқоқлик билан ташкил этдилар.

Билимлар куни Республика ИИВнинг 1-сонли Тошкент академик лицейида ҳам тантанавор ўтказилди. Тадбирда лицей ўқувчилари томонидан саҳналаштирилган театр томошаси ва мусиқий чиқишлар намойиш этилди. Тошкент шаҳар ИИББ фахрийлари ва бир гуруҳ ходимлари лицей ўқувчиларини янги ўқув йили билан табриклаб, ўқишларида муваффақиятлар тиладилар.

Анъанага кўра биринчи дарс “Мустақиллик” дарси билан бошланди. Унда юртимизнинг шонли тарихи, мустақиллик йўлида жонини фидо қилган, ҳурлик ва озодлик учун курашган жадидчи аждодларимиз фаолиятига тўхталиб, Янги Ўзбекистоннинг келажаги бугунги ёшлар қўлида эканлиги айтиб ўтилди. Бунинг учун эса албатта чуқур билим олиш, китоб мутолаа қилиш, дунёқарашни шакллантириш, илғор илму фан ютуқларидан бохабар бўлишлик лозимлигини таъкидладилар.

Барча янгиликлар

Text to speech