12 Декабр 2024 йил 466

Худбинлик ва кибр оқибати

Мурод олийгоҳни тугатишга тугатди-ю аммо иш топишда қийналди. Бу орада ота-онаси уйлантириб қўйди. Бирин-кетин уч фарзанднинг отасига айланганига қарамай, у ҳамон у ишхонадан бу ишхонага “сакраб” кўнглидагидек иш қидираётганди. Сирли орзуси–бирданига бойиб кетиш ҳақида ўйларди. Ўзини дабдабали, ҳашаматли ҳаётга лойиқ, деб ҳисобларди. Ёши қирқдан ошди-ю лекин бирон “катта нарсага” эришмагани, ошна-оғайнилари олдида керилиб, кўз-кўз қиладиган устунлиги йўқлиги уни қийнарди. Ёр-биродарлари катта-катта уйлар қурганда, қиммат-қиммат автомашиналар миниб юрганда, чет элларда дам олиб келаётганда – у булардан маҳрум эди. Ўзини ҳаётда камситилган ҳис қилган Муроднинг ўйлаб-ўйлаб топган режаси мана бундай бўлди. 2022 йилнинг 10 сентябрида у оғайнилари автомашинаси бузилиб қолганда тез-тез мурожаат қиладиган 1980 йилда туғилган С.Эмануэль раҳбар бўлган автомашиналарга хизмат кўрсатувчи устахонага борди. Эмануэль уни тез-тез кўриб тургани боис қуюқ саломлашди. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб, унинг ишлари билан қизиқди. Суҳбат асносида Эмануэль ҳаммаси яхши-ю, агарда автомашина моторларини тузатишда ишлатиладиган Америкада ишлаб чиқарилган “Rottler F 79” станоги бўлганида нур устига аъло нур бўлишини таъкидлаганида, Муроднинг кўзлари “ялт” этди. Мана у кутган онлар. У фурсатни бой бермай, бундай станокни Америкадаги танишлари орқали топиб, бир неча устахоналарга етказиб берганини киприк қоқмай айтди. Эмануль “қопқонга” тушди. Эмануэль бошига 100.000 АҚШ доллари берадиган бўлди, станокни қабул қилгач қолган 80.000 долларни беришга келишилди. Эртаси куни пулни қўлига олган Мурод шунча пулни кўриб довдираб қолди. Ўзини пулнинг эгаси билиб қиммат-қиммат буюмлар, автомашина сотиб ола бошлади. Эмануэлнинг қўнғироқларига “ана кетяпман, мана кетяпман, ана олдим, мана олиб бораяпман”, дея важлар кўрсатиб юрди. Бу орада кўз юмгунча уч ой ҳам ўтиб кетди.Эмануэлнинг сабр-тоқати тугаб, ички ишлар органларига мурожаат қилишини айтганида, у Мирзо Улуғбек туманида ҳашаматли уйи борлиги, унинг номига расмийлаштириб беришини ваъда қилди. Бироқ бу ҳам ёлғон бўлиб чиқди. “Ана расмийлаштираман, мана расмийлаштираман” деб кунларни ойларга чўзган Мурод уни яна чув туширганини англаган Эмануэль бориб суриштирсаки, айтилган уйга Муроднинг ҳеч қандай алоқаси йўқ экан. Эмануэль Яккасарой тумани ички ишлар органларига мурожаат қилишга мажбур бўлди.

— 1979 йилда туғилган Мурод илгари 2015 йилда ҳам фирибгарлик жинояти учун судланган, – дейди Яккасарой туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Э.Зиябеков. – Ҳалол меҳнатдан қочиб, ўзгаларнинг ҳисобига “бойиб” кетишни ўйлаган Мурод, Эмануэлнинг пуллари эвазига сотиб олган нарсаларини сотишга мажбур бўлди. Бировнинг ҳақи ҳеч қачон бировга буюрмайди, буни Мурод билиши керак эди.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди очиқ суд мажлисида Муроднинг қилмишига қонуний баҳо бериб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топди. Унинг пушаймонлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, жарбланувчига етказилган зарар қопланганлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлигини инобатга олиб, кодекснинг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech