20 Июн 2024 йил 720

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев "Инно" инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопаркига ташриф буюриб, муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишини ўтказди.

Президент раислигида муҳандислик кадрларини тайёрлаш тизимидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди. Йиғилишда 36 та олийгоҳ ректорлари ҳам қатнашмоқда.

Давлатимиз раҳбари бугунги мураккаб вазиятда барча давлатлар ички ресурсларга таяниб, инновацияга интилаётганини қайд этди.

Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда илм, таълим ва инновацияга эътибор тубдан ўзгарди.

Масалан, ўтган тўрт йилда 1 минг 727 та амалий, инновацион, фундаментал ва стартап лойиҳаларга 2,2 триллион сўм йўналтирилди. Шундан муҳандислик-техника йўналишидаги 176 та лойиҳага 152 миллиард сўм берилган.

Тадқиқот, тажриба-конструкторлик учун харажатлар 2 баробар ўсган. Бу маблағларнинг 41 фоизи давлат улуши бор корхоналарга, 34 фоизи хусусий секторга ва 25 фоизи олийгоҳларга тўғри келган. 

Шу билан бирга, олийгоҳлар фундаментал тадқиқотлар ўтказиш билан чеклангани, иқтисодиёт учун амалий ишланмалар жуда камлиги кўрсатиб ўтилди.

Муҳандислик йўналишида юзлаб стартап ва инновацион лойиҳалар амалга ошмай қолиб кетаётгани қайд этилди.

Сабаби – олийгоҳ билан саноат ўртасида узилиш бор. Ректорлар корхоналарга бориб, янги технологиялар билан танишмаётгани, ускуна ва дастгоҳларни ўрганмаётгани, ҳоким ва вазирлар эса ўртада кўприк бўлиб, буни ташкиллаштирмаётгани ҳақида қатъий эътироз билдирилди.

Президент соҳадаги муаммо ва ечимларга тўхталиб ўтди.

Юртимизда йилига 3 мингта саноат корхонаси ишга туширилиб, уларда 150 минг атрофида иш ўрни яратилмоқда. Шундан 35 мингтаси техника йўналишида.

Ҳозирда 36 та давлат олийгоҳида ушбу йўналишда 264 минг бакалавр, 3 минг магистр ўқимоқда. Йилига 67 минг нафар талаба битирмоқда.

Лекин, техника олийгоҳларида йўналиш ва мутахассисликлар ишлаб чиқарувчилар талабларига мос эмас. Масалан, Давлат техника университетидаги 76 та бакалавр йўналишидан 45 таси, 73 та магистратура мутахассислигидан 51 таси бугунги кунда етакчи хорижий техника олийгоҳларида ўқитилмайди.

Оқибатда муҳандисларнинг 60 фоизи ўзи ўқиган йўналишида ишламаяпти.

Давлатимиз раҳбари бу борада яна бир мисолни келтирди.

Жорий йилда тўқимачиликда 776 та лойиҳа амалга оширилиб, 72 минг иш ўрни яратилади. Шундан 4 мингта муҳандисга талаб бор.

Лекин, бу йил муҳандислик олийгоҳларини “енгил саноат конструкцияси” йўналишида Бухорода – 86 нафар, Жиззахда – 117 нафар, Сурхондарёда – 56 нафар, Фарғонада – 126 нафар, Тошкент шаҳрида бор-йўғи 153 нафар талаба битирмоқда.

Ҳокимлар ўз ҳудудида аниқ мутахассисга шунча эҳтиёж бўла туриб, ректорлар билан ишламаётгани, олийгоҳларга буюртма бермаётгани танқид қилинди.

Бугунги кунда бутун дунёда саноатда таннархни камайтириш масаласи жуда долзарб. Хорижий олийгоҳларда “таннарх муҳандислиги” (кост инжиниринг) деган фан бор, ҳатто кадрлар тайёрланади. 

Ёки, “қиёслаш муҳандислиги” (бенчмаркинг) орқали энг яхши амалиёт ва ютуқлар таҳлил қилиниб, улардан андоза олиб, ишлаб чиқаришда жорий қилиш ўргатилади. “Қайта муҳандислик” (реверсив инжиниринг) тайёр маҳсулотни олиб, ишлаш механизмини бўлакларга бўлиб, муаллифлик ҳуқуқини бузмаган ҳолда, ўхшаш маҳсулот яратишни ўргатади.

Президент бирорта техника олийгоҳида буларга ўқитиш йўлга қўйилмаганини афсус билан қайд этди. 

Оқибатда маҳаллий саноат тармоқлари катта маблағ сарфлаб, ишчиларини хорижда ўқитишга ёки четдан мутахассис олиб келишга мажбур.

Охирги етти йилда олий таълим қамрови 5 баробар, яъни 9 фоиздан 42 фоизга ошгани билан ёшларнинг муҳандислик-техникага қизиқиши жуда пастлиги қайд этилди. 2023 йил сўровномасида атиги 8 фоиз мактаб битирувчиси шу соҳани танлаган.

Кўпгина профессор-ўқитувчилар амалиётдан узилиб қолган. Муҳандислик бўйича 9 минг 600 нафар профессор-ўқитувчининг 40 фоизи сўнгги 5 йилда малака оширмаган.

Айрим институтлардаги ўқитувчиларнинг юкламаси хорижга нисбатан 2 карра кўп. Баъзи университетлар илмий лабораторияларидаги ускунанинг 50 фоизи эскирган, қўшимча лаборатория ва замонавий жиҳозларга эҳтиёж мавжуд.

Олийгоҳларда илмий фаолиятни янги босқичга олиб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

Сўнгги тўрт йилда олийгоҳларни илмий тадқиқот учун тузган шартномалари 3 карра кўпайди. Улардан даромад 6 карра ошган.

Лекин, айрим олийгоҳлардаги илмий ишланмалар натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш жуда паст. Ихтироларини патентлашда ҳам ҳамма бирдек эмас.

Кооперация ярмаркаларида олийгоҳларнинг аксарияти фақат сотиб олувчи бўлиб иштирок этаётгани, даромадни хорижий лойиҳалар ҳисобига ҳам ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Хорижда олийгоҳлар тажриба ишлаб чиқариш корхоналарини (спин-оф) очиб, давлат ва ишлаб чиқарувчи маблағларини жалб қилади, тадқиқот ўтказади, инновацион маҳсулот яратиб, тижоратлаштиради.

Улар 5-7 йил ичида университетдан ажралади ва кичик корхонага айланади.

Бизда Фарғона политехника институти 14 та корхона (спин-оф) очиб, 21 миллиард сўм даромад қилган. Бу йил даромадни 40 миллиард сўмга, келаси йили – 100 миллиард сўмга олиб чиқиш бўйича аниқ ҳисоб-китоблари бор.

Энг муҳими, ушбу корхоналар ишчиларининг 90 фоизи олийгоҳ ўқитувчилари ва талабалари.

Умуман, жами 12 та олийгоҳда бундай 28 та корхона ташкил қилиниб, улар 47 миллиард сўм даромад олган. Лекин, қолган 24 та олийгоҳ ректорида ҳам, ҳокимларда ҳам бу борада бирорта ташаббус йўқлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари соҳани ривожлантириш учун янги ташаббусларни илгари сурди.

Техника йўналишидаги 36 та олийгоҳда ўқитиш ва илмий-тадқиқот жараёнларини илғор тажриба асосида тўлиқ ўзгартириш зарурлиги таъкидланди.

Масалан, Давлат техника университетида меҳнат бозорида талаб йўқ мутахассисликларни қисқартириш, кафедраларни бирлаштириш мумкин. Университет тўлиқ дуал таълим тизимига ўтади. Фанлар камида 30 фоизга қисқаради.

Олийгоҳдаги таълим Дрезден техника университети (Германия) ва Цукуба университети (Япония) дастурларига мослаштирилади.

Университетда деканатларни талабаларга хизмат кўрсатиш функциялари тўлиқ рақамлашади.

Хориждаги каби “Регистратор офиси” ташкил қилинади.

Ёки, Тошкент кимё технологиялари институтида бакалавриат ва магистратура йўналишларини мақбуллаштириб, 8 та янги йўналиш ва мутахассислик киритиш мумкин.

Ҳар йили иқтисод бўладиган маблағ институтни моддий-техника базасини кучайтиришга сарфланади.

Шунингдек, 36 та муҳандислик олийгоҳи ва уларнинг филиаллари босқичма-босқич йириклашиб, жами 20 та олийгоҳ қолади. Ҳар бир ҳудудда камида 1 тадан техника университети бўлади.

Ректорлар ҳамкорлик учун хорижий олийгоҳларни танлашда улар фаолиятига тўғри келишини таҳлил қилиб, шошма-шошарликсиз қарор қабул қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳар бир олийгоҳ Германия, Япония, Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур каби ривожланган ҳамкор давлатларнинг нуфузли техника университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур.

Шунингдек, “тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида ҳар бир олийгоҳга саноат ҳамкори белгилаб берилади.

Барча муҳандислик олийгоҳлари ҳамкор корхоналарида кафедралар очади ва дуал таълимни йўлга қўяди.

Бунда корхоналар кафедраларни жиҳозлаш, ўқитувчи ва талабаларни рағбатлантиришга ҳар йили маблағ беришга тайёр.

Талабаларнинг амалиёти ва битирув курсдаги таълими тўлиқ ҳамкор корхоналарда ташкил қилинади.

Шунингдек, тармоқ вазирлик ва корхоналар тизимида 32 та тармоқ кенгашлари ташкил қилинади. Улар олийгоҳлар билан техника соҳаларидаги илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини белгилайди ва буюртмачи бўлади.

Биринчи босқичда 10 та олийгоҳда “Олий муҳандислик мактаблари” очилади. Ушбу мактабларда икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилиб, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинади.

Биринчи йилда талабалар корхоналар буюртмаси асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштиради, илмий изланишлар ўтказади, бу борада чуқурлашган модул дастурлар асосида ўқитилади.

Иккинчи йилда янги маҳсулотлар бўйича тажриба-конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнларни корхоналарда синовдан ўтказади.

Корхоналар “Олий муҳандислик мактаби”да лаборатория очиш ва жиҳозлаш учун маблағ йўналтирса, бу харажатлар корхонанинг фойда солиғи базасидан чегириб ташланади.

Давлат ҳам бюджетдан шунча маблағ ажратади.

Президент эндиликда олийгоҳларнинг тажриба ишлаб чиқариш корхоналари мақоми қонун билан мустаҳкамланишини айтди. Уларга IT-парк резидентларига қўлланилаётган имтиёзлар берилади.

Шўъба корхонаси ишчиларининг камида 60 фоизи докторант ва талабалардан иборат бўлади.

Келгуси йилдан техника йўналишидаги лойиҳаларга давлат грантлари 4 карра оширилади. 

Корхонага олийгоҳ билан ҳамкор ташкилот ҳам таъсисчи бўлишига рухсат берилади. Вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбари илмий ва ишлаб чиқариш лойиҳалари учун олийгоҳларга 10 миллиард сўмгача буюртмани тўғридан-тўғри бериши мумкин бўлади.

Инвестиция лойиҳалари қийматининг камида ярим фоизини илмий ишларга ажратиш тизими жорий қилинади.

Муҳандислик йўналишлари бўйича “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши лойиҳа” ва “Энг яхши ихтиро” республика танлови ўтказилади.

Танловда ўқитувчилар, талабалар ва амалиётчи муҳандислар иштирок этиши мумкин бўлади. Биринчи ўринга электромобиль берилади.

Шунингдек, ғоя, лойиҳа ва ихтиро муаллифи бўлган энг зўр 10 нафар иштирокчи Германия, Япония, Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур каби давлатларга стажировкага юборилади.

Бу мақсадлар учун ҳар йили 15 миллиард сўм ажратилади.

Сўнг давлатимиз раҳбари олимлар, техник йўналишдаги олийгоҳ кафедра мудирлари, ўқув ва илмий марказлар раҳбарлари билан мулоқот қилди. Мулоқот чоғида билдирилган фикр ва таклифларни чуқур ўрганиб, амалиётга жорий этиш юзасидан мутасаддиларга қатор топшириқлар берди.

- Бугунги кўтарилган масалалар, берилган таклифлар эртанги кунимиз учун, иқтисодиётимиз учун жуда муҳим, - деди давлатимиз раҳбари йиғилиш якунида.

Иқтисодиётимизни жадал ўсишини таъминлашда бизга юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарур экани таъкидланди.

Ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари, ректор ва профессор-ўқитувчи масъулиятни чуқур ҳис қилиб, қаттиқ ишласа, изланса, бу вазифани албатта уддалашига ишонч билдирилди.

Йиғилиш давомида тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланди.

Барча янгиликлар

Text to speech