13 Феврал 2024 йил 551

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида янги захираларни ишга солиш ҳамда 2024 йилги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президент раислигида аграр соҳадаги устувор вазифалар ва режаларга бағишланган йиғилиш бошланди.

Соҳада сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида деҳқон-фермерларнинг манфаати, даромади ошиб, маҳсулот кўпайди, кластер тизими ривожланиб, юқори унумли техника ва чуқур қайта ишлаш кириб келди, янги навлар ва агротехнология кўпаймоқда.

Жумладан, ўтган йили соҳада ишлаб чиқариш 4,1 фоизга ўсиб, 426 триллион сўмни ташкил қилди. Экспорт эса қарийб 2 миллиард долларга етди. 152 минг гектар боғ ва токзорлар барпо қилинди. 

2023 йил илк бор 3 миллион 700 минг тонна пахта, 8 миллион тонна ғалла ҳосили олинди. Бундай рақамлар яқин тарихимизда ҳеч қачон бўлмаган.

Ер ва сув ресурслари чекланган шароитда қишлоқ хўжалиги масъуллари жорий йилда мутлақо янгича ишлаши зарурлиги қайд этилди. 

Лекин, таннархни камайтириш, юқори ҳосил берадиган уруғ ва кўчатларни етказиб бериш, саноат муҳитини олиб кириш бўйича айрим мутасаддилар ва ҳокимлар етарлича ишламаётгани танқид қилинди.

Жорий йилда туманларга ҳосилдор уруғларни етказиб, деҳқонларни янги агротехнологияларга ўқитиб, пахта ва ғаллада ҳосилдорликни янада ошириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, ўғит таннархни 15 фоизга камайтириб, қишлоқ хўжалигини 900 минг тонна минерал ўғит билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Бу йилдан илк бор четдан олиб келинган чигитни экишга рухсат берилди. 

Лекин, шу пайтгача Пахтачилик кенгаши, Карантин агентлиги, вилоят ҳокимлари бир тўхтамга келиб, қаердан, қандай навли уруғ олиб келиб, қаерга экишни ҳал қилмагани кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан бир ой муддатда хориждан 3 минг тонна уруғлик чигитни олиб келиш топширилди. Умуман, жорий йилда 100 минг гектарда юқори ҳосилдор хорижий пахта навларини экиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўтган йили ғалла ҳосили илк бор 8 миллион тоннага етди. 

Фермерлар манфаатдорлигини янада ошириш учун бу йил ғаллачиликда ҳам янгиликлар қилиниши таъкидланди.

Жорий йилда пахтадаги каби ғаллада ҳам имтиёзли кредитни тўғридан-тўғри фермерга бериш тизими жорий қилинади.

Бундан ташқари, давлат ресурси учун харид қилинган буғдойни даладан ташиб келиш ва сақлаш харажати 2024 йилда ҳам тўлиқ бюджетдан қопланади.

Президент яна 70 та туманда минерал ўғит сақлаш омборларини ташкил қилиш бўйича топшириқ берди.

Омборлардаги ўғитлар қолдиғини кунлик мониторинг қилиб, етишмаган қисмини зудлик билан етказиш муҳимлиги қайд этилди.

Бунинг учун февраль-апрель ойларида биржага чиқадиган минерал ўғит кунлик ҳажмини 6 минг тоннадан 9 минг тоннага оширишга кўрсатма берилди.

Йиғилишда ўғит сифати ва устамаси бўйича айрим туманларда эътирозлар бўлаётганига тўхталиб ўтилди. 

Президент мутасаддиларга фермерларга ўз ҳисобидан ўғит сотиб олишда қулай молиявий механизмларни жорий қилиш бўйича таклиф киритишга топшириқ берди (масалан, банк ёки суғурта кафолати асосида бўлиб-бўлиб тўлаш, тижорат кредити фоизларини пасайтириш).

Жойлардаги омборлардан кластер ва фермерларга минерал ўғитни ташишда транспортни логистика порталида мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади.

Шунингдек, фермерларга ёқилғини ўз вақтида етказиб беришда назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

75 та йирик канални бетонлашга бюджетдан 680 миллиард сўм ажратилган. Асосий мақсад энг кўп сув йўқотиладиган каналларни суғориш даври бошланишигача бетонлашдан иборат.

Лекин, Қашқадарёдаги лойиҳаси тайёр 9 та канални бетон қопламага ўтказиш ишлари бор-йўғи 34 фоизга бажарилган. Ёки, Сирдарёдаги 3 та каналда бетонлаш бўйича бажарилган ишлар 10 фоизга ҳам етмайди. 

Президент ҳамма кучни тўлиқ сафарбар қилиб, вегетация даври бошлангунча бетонлаш ишларини якунлаш, каналлар атрофида дарахт экиш зарурлигини таъкидлади.

Сув йўқотишларини камайтириш ва сувни тежаб ишлатиш Сув хўжалиги вазирлигининг энг асосий вазифаси экани қайд этилди.

2024 йилги пахта ва ғалла ҳосили учун бюджетдан 10 триллион сўмдан зиёд имтиёзли ресурс ажратилди.

Кластер, фермер ва деҳқонлар имтиёзли кредит олишини осонлаштириш мақсадида очиқ-ошкора платформа ишга тушди.

Лекин 2024 йил пахтасини сотиш бўйича фьючерс шартномаси тузган фермерларнинг маълум қисми кредитларни ҳалигача олмаган.

Сабаби, айрим банклар “ресурс йўқ, гаров таъминоти керак”, деган баҳоналар билан тайёр маблағни бермаяпти.

Соҳада ҳисоб-китоб интизомида ҳам камчиликлар борлиги айтилди. 

Масалан, кластерларнинг фермерлар олдидаги қарздорлиги ҳали тўлиқ тўланмаган.

Янги тизимга кўра, олдинги қарзини 1 апрелгача ёпмаган кластер билан фьючерс шартномаси бекор қилинади ва фермерга пахтани биржада сотишга рухсат берилади.

Маълумотни электрон платформага тўлиқ киритган ва фьючерс шартнома имзолаган фермерга кредит кўпи билан уч кун ичида ажратилиши шартлиги таъкидланди.

Бу йил 127 минг гектарда тупроқ унумдорлигини ошириш ва 677 минг гектар яйловларни деградациядан чиқариш бўйича янги дастур амалга оширилади.

Жорий йилда боғ, токзор, сабзавот, полиз, озуқа экини ва иссиқхонадан иборат 1,8 миллион гектар ерларни ҳам тўлиқ рақамлаштиришга топшириқ берилди.

Шунингдек, ушбу ерларда экинлар жойлашуви, вегетация жараёни, ҳосилдорлиги, минерал ўғит сарфи “Агроплатформа”да юритилади.

Йиғилишда мева-сабзавот етиштириш ва экспортини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шу мақсадда аҳолига яна 60 минг гектар ерларни тарқатишга қарор қилинди. Бунинг натижасида 1,5 миллион тонна қўшимча маҳсулот олиб, экспортни яна 200 миллион долларга ошириш мумкин бўлади.

Ёшларни деҳқончиликка яхши ўқитиб, бу ерларда банд қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Аҳолига бўлиб берилган ер майдонлари ҳамда томорқа ерларига саноат ва кооперацияни кенг олиб кириб, қўшимча 1 миллиард долларлик маҳсулот етиштириш мумкинлиги қайд этилди.

Бунинг учун 1 триллион сўм кредит учун ресурс ажратилади. Ушбу кредитлар кооперация асосида маҳсулот етиштириш, техника, айланма маблағ учун 100 миллион сўмгача гаровсиз, 150 миллион сўмгача гаров таъминоти 50 фоизга пасайтирилган ҳолда берилади.

Шунингдек, жами 10 мингта техника фермер ва деҳқонларга 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан лизингга берилади. Четдан олиб келиниб, лизингга бериладиган мотокультиватор ва минитракторларга божхона имтиёзи 3 йилга узайтирилади.

Иссиқхоналарда маҳсулот етиштиришни қўллаб-қуввалаш бўйича қўшимча чоралар белгилаб олинди.

Иссиқхона хўжаликларини кредитлаш механизмини қайта кўриб чиқиш топширилди. 

Президент ёқилғисиз иситиладиган, ихчам иссиқхоналарни барпо қилиш тажрибасини қўллаб-қувватлаб, тайёр ҳолда топшириш шарти билан 10 сотихли 200 тагача ихчам иссиқхона қуриш вазифасини қўйди. 

Ушбу мақсадларга “Оилавий тадбиркорлик” дастури доирасида 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.

Йиғилишда 25 турдаги талаб энг юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш муҳимлиги таъкидланди. Бу бўйича 7 триллион сўмлик 342 та лойиҳа ишлаб чиқилган.

Келгуси икки йилда 5 та халқаро брендни жалб қилиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш топширилди.

Шунингдек, Жаҳон банкидан жалб қилинган маблағлар ҳисобидан янги лойиҳалар учун 10 йил муддатга, айланма маблағ учун 2 йилга миллий валютада 18 фоиздан кредит ажратилади.

Машҳур брендлар буюртмаларини бизнинг корхоналарга жойлаштириш билан шуғулланадиган сорсинг компанияларни жалб қилиш харажатининг 50 фоизи қопланади. Бунда, ҳар бир брендга 500 миллион сўмгача субсидия берилади.

Қишлоқ хўжалигига инвестициялар жалб қилиш масаласига тўхталиб ўтилди.

Жорий йилда мавжуд лойиҳалар ҳисобидан 655 миллион доллар хорижий инвестицияни ўзлаштириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, тўғридан-тўғри инвестиция иштирокида 500 миллион долларлик янги лойиҳаларни бошлаш муҳимлиги таъкидланди.

Бунда, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси ваколатхонасини Ўзбекистонда очиш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда худди қурилиш соҳасидаги каби қишлоқ хўжалигида ҳам иш ўринлари ва товар айланмасини "соядан" чиқариш зарурлиги таъкидланди.

Эндиликда қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш бўйича имтиёз миллий валютада экспорт қилган тадбиркорларга ҳам татбиқ қилиниши маълум қилинди.

Гўшт, сут ва тухум ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида 315 милллион доллар ресурс йўналтирилиши белгиланди. 

Бу маблағ чорва комплексини ташкил қилиш, қорамол олиш, омухта-ем чиқариш учун миллий валютада 17 фоиздан 3 йил имтиёзли давр билан 10 йилга берилади.

Чорва хўжаликларини айланма маблағ билан таъминлашга ҳам 1 триллион сўм имтиёзли кредит йўналтирилади. Ушбу кредитларнинг 18 фоиздан ошган қисми Тадбиркорлик жамғармасидан барча тадбиркорларга қоплаб берилади.

Балиқ етиштиришни кўпайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Жорий йилда балиқ етиштириш ҳажмини 1 миллион тоннага етказиш ва қўшимча 50 минг аҳолини банд қилиш тармоқ масъулларининг асосий вазифаси бўлиши қайд этилди.

Дарё бўйларида камида 500 та ҳавза ташкил қилиб, кооперация асосида балиқ етиштиришни йўлга қўйиш топширилди.

"Оилавий тадбиркорлик" дастурлари доирасида балиқ боқиш учун гаровсиз кредитни 100 миллион сўмгача ошириш таклиф қилинди.

Президент ипакчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, тармоқда кескин ўзгариш қилиш зарурлигини таъкидлади.

Вьетнам ва Хитой тажрибаси асосида пиллани саноат усулида етиштириш йўлга қўйилади, пилла етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлиги оширилади.

Бунинг учун икки босқичда бозор тамойилларига ўтилади. 

Биринчи босқичда бу йил пилла нархи 25 фоизга оширилади. Аҳолига пилла етиштириш учун субсидия берилади ва пилла етиштирувчилар даромад солиғидан озод қилинади.

Иккинчи босқичда эса 2025 йилдан нархни давлат белгилаши, кластерларга туманларни бириктириш, фермер ва касаначилар ўзи етиштирган пиллани фақат кластерларга сотиши амалиётидан воз кечилади.

Яъни, пилла фермер ва кластер ўртасида эркин нархда тузиладиган шартнома асосида ёки биржа орқали сотилади.

Пиллачилик соҳасини ривожлантириш бўйича мутасаддиларга қатор топшириқлар берилди.

Жумладан, ипак қуртини хонадонларга тарқатиб, ўрма тутзор ташкил этиш ва уй шароитида тайёр ипак ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича тизим яратилади.

Озуқа-ем базасини кўпайтириш учун бу йил далалар атрофида 150 миллион янги навли ҳосилдор тут кўчатини экиш топширилди. 

Ипакчилик институти ҳузурида 2 та наслли уруғлик станциясини ишга туширилади. Институтга хитойлик мутахассислар таклиф қилиниб, наслли ипак қурти зотларини яратиш бошланади. 

Йиғилишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбариятига илғор тажрибалар асосида қишлоқ хўжалигининг ҳар бир тармоғини ривожлантириш, соҳага инновацияларни олиб кириш бўйича таклифлар ва амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, тақдимот қилиш топширилди.

Бугун белгилаб берилган вазифалар ижроси учун масъулиятни, интизом ва назоратни кучайтириш талаби қўйилди.

Топшириқлар ижросини мувофиқлаштириш учун Вазирлар Маҳкамасида штаб ташкил қилинади. Штабда кунлик назорат ва ҳафталик муҳокама қилиш тизими йўлга қўйилади.

"Ҳар бир раҳбар самарадорлик ва талабчанликни сезиши керак, қоғоздаги рақамлар амалий натижага айланиши шарт ва зарур",  - деди Президент сўзининг якунида.

Йиғилиш давомида қишлоқ хўжалиги масъуллари ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.


Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/3811  

Барча янгиликлар

Text to speech