27 Август 2024 йил 772

Ватанимиз – фахримиз

       Шоҳруҳ Аҳмедов мустақиллигимиз тенгдоши. У Тошкент вилояти Паркент туманидаги ўрта мактабни тугатиб, Ўзбекистон Қуролли кучларида йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, ИИВ  Академиясига ҳужжатларини топширди. 2017 йилда уни тугатиб, Тошкент вилояти Паркент тумани ИИБ  тергов бўлимида лейтенант унвонида иш бошлади. Гарчи ўқиш даврида амалиётда яхши кўрсаткичларга эришганига қарамай иш жараёнига мослашиш, кўникма ҳосил қилишда устозлари – бўлим бошлиғи, подполковник Жалолиддин Якубов, терговчи, катта лейтенант Табиддин Шохобовларнинг хизматлари катта бўлди. Улардан касбининг сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Устозларининг ўгити ва маслаҳатларига амал қилган ёш терговчининг иш жараёнида жиноятни тўлақонли фош этиш, айбдорнинг шахси, жиноят сабабларига эътибор бериб, қонунан тўғри квалификация қилиниши натижасида у юритган ҳеч бир жиноят иши қайта тергов учун қайтарилмаган. Шоҳруҳ 2023 йили Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси лавозимида иш бошлаб, айни кунда ўта муҳим ишлар бўйича терговчи бўлиб хизматни давом эттирмоқда. Капитан Шоҳруҳ Аҳмедов  ўз касбини эъзозлайди, мустақиллик ҳақида эса:


       – Ҳаётимда нимаики муваффақиятларга эришган бўлсам, мустақиллигимиз шарофати билан, – дейди. – Осмонимиз тинч, халқимиз турмуши кундан кунга фаровон бўлиб бормоқда. Яратилаётган имкониятлар сидқидилдан ишлаш, бор имкониятларни Ватан равнақи ва бахтли келажаги учун сарфлашга ундайди. Ўз уйингни қанчалик обод қилишга интилганинг каби Ватанни ҳам шунчалик обод қилишга интилиш лозим, деб ўйлайман. Зотан, ҳар биримизнинг уйимиз Ватан ичра Ватандир.

Барча янгиликлар

Text to speech