12 Октябр 2024 йил 578

Уйларига етиб олиш етти йилга қолдирилди

      “Биз анчадан бери иш излаётгандик. Ўша куни иш қидириб Яшнобод туманини роса айландик, ёнимизда пулимиз қолмади. Пиёда юриб чарчадик. Тунги соат бирларга яқин вақт эди. Кўчада транспорт воситалари тўхтамади. Уйга етиб олайлик деб, автотураргоҳда турган Damas автомашинасини миниб кетдик. Эртаси куни уни олиб келиб бермоқчи эдик. Аммо йўлда у ўчиб қолди. Ўша жойда қолдириб кетдик.”


       Бу кўрсатмани ўқиб,  ишлаш иштиёқида тинмай оч-наҳор шаҳар кезиб иш қидирган, етмаганига пулсиз қолган йигитлар кўз олдингизга келгандир, эҳтимол уларга хайрхоҳлик ҳисси уйғонгандир?!


        Лекин, ўзларининг жиноий қилмишларини хаспўшламоқчи бўлган Бекзоджон билан Бахтиёрларнинг жазодан қочиб қутулиш учун ўйлаб топган важ-карсонлари бу. Нимамишки, автомашина йўлда ўчиб қолгач, тунда кўчада қолиб кетмаслик учун улар Янгиҳаёт туманидаги кўчаларнинг бирида турган Damas автомашинасига  миниб кетганмиш. Бироқ шунда ҳам уйларига етиб ололмаганмиш.Чунки, йўлда “бағритош ва ҳиссиз” Йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан тўхтатилиб, улар ички ишлар органларига олиб келинганмиш. Соддаликни қаранг!


       Аслида  бу икки  навқирон  йигитлар – Бекзоджон 2004 йилда туғилган, муқаддам 2019 йилда Бекобод шаҳар суди томонидан Республика Жиноят кодексининг 169-модда (“Ўғирлик”) билан  судланган. Ҳамтовоғи  Бахтиёр 2004 йилда туғилган, муқаддам судланмаган. Улар  олдиндан тил бириктириб, транспорт воситасини олиб қочиш ва ўзлаштириш ниятида,  2023 йилнинг 12 декабри тунида Яшнобод тумани “Тарновбоши” маҳалла ҳудудида изғиб юрган. Фуқаро М.Толибга тегишли бўлган Damas автомашинасининг юкхона эшиги очиқлигидан фойдаланиб, юкхона орқали киришади. Отвёртка ёрдамида  руль қисми пластмассасини ечиб, симларни улаш орқали ўт олдириб олиб қочишга муваффақ бўлишган. Аммо Янгиҳаёт туманида ҳаракатланаётган вақтда автомашина эҳтиёт қисмларига бўлиниб, бўлиниб пароканда бўлишини сездими, ўчиб қолди. Уни ўт олдиролмай хуноб бўлган иккиси сўкина-сўкина автомашина баллонларини тепиб, аламини оларкан, яна автоулов қидиришга тутинишди. Янгиҳаёт тумани  Янги Чоштепа  маҳалласидаги  уйлар ёнида турган  фуқаро Б.Улуғбекка тегишли Damas автомашинасига кўзи тушди. Отвёртка ёрдамида амаллаб очиб, юқоридаги усулда ўт олдириб, ҳайдаб кетишади.


        –  Йигитлар гапни бир жойга қўйиб, келишган ҳолда юқоридаги баҳонага таяниб туриб олишди. Гўёки, бу уйдирмаси айбларини ювиш учун дастак бўладигандек. Жиноят кодексида “тунда уйга етиб олиш” мақсадида ўзганинг транспорт воситасини олиб қочиш учун жазо йўқ, дейилмаган. Дастлабки тергов жараёнида ҳар бири ўзини жазодан асраб қолиш учун айбни бир-бирларига ағдара бошлашди,  –  дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов  бўлими бўлинма бошлиғи, майор Бахтиёр Абдухалилов. –  Тергов ҳаракатлари давомида ҳар иккисининг хатти-ҳаракатларига  қонунан баҳо берилди ва таснифланди.


        Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида ушбу жиноий қилмишни кўриб чиқиб, М.Бекзоджон ва Т.Бахтиёрни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  267-моддаси (“Транспорт воситасини олиб қочиш”) билан айбли деб топди. Мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда ҳар иккисини  7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech