15 Феврал 2024 йил 645

Тошкент шаҳар ИИББди брифинг ўтказилди

2024 йил 14 февраль куни Тошкент шаҳар ИИББда Волейбол бўйича Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи кубоги мусобақасини ўтказиш, жамоаларни шакллантириш, ғолибларни аниқлаш ва тақдирлаш юзасидан тушунтириш бериш мақсадида брифинг ўтказилди.  

Брифингда Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи подполковник Нилуфар Исаханова, ИИББ бошлиғининг ўринбосари полковник Муродилла Аликариев, Волейбол федерацияси Тошкент шаҳар бўлими ижрочи директори Ғуломжон Пирназаровлар иштирок этди.

Брифингда жорий йилнинг 15 февраль кунидан 20 март кунига қадар Тошкент шаҳри маҳалла ёшлари ўртасида Волейбол бўйича Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи кубоги мусобақаси ўтказилиши ҳақида маълумот берилди.

Президентимиз ташаббуси билан 2024 йил Ўзбекистонда «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинди. Шу мақсадда, маҳаллаларимизда истиқомат қилувчи ёшларни жисмоний чиниқтириш ҳамда уларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, қолаверса ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва жиноятчиликни олдини олиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш орқали ҳар томонлама баркамол қилиб камол топтириш усувор вазифа ҳисобланади.

2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-201-сонли Қарор ижросини таъминаш мақсадида жорий йилнинг февраль-март ойларида Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи уюшмаган ёшлар ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича “Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи кубоги” мусобақаси ўтказилади.

Ушбу мусобақа волейбол мусобақаларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги тасдиқланган Низом талаблари асосида маҳалалларда истиқомат қилувчи 17-30 ёшдаги ёшлардан иборат ўғил ва қиз болалар ўртасида уч босқичда, яъни маҳаллалараро сектор кесимида, секторлараро туман кесимида ҳамда туманлараро шаҳар босқичида ўтказилиши белгиланди.

Мусобақанинг асосий мақсади — маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ўртасида волейбол спорт турини янада оммавийлаштириш, иқтидорли, туғма истеъдоди бор ёшларни саралаш (селекция) орқали Тошкент шаҳар терма жамоасига номзодларни шаффоф тарзида танлаб олиш.

Хусусан, шаҳар бўйича жами 585 та маҳаллардан 560 та ўғил ва 128 та қизлар, жами 688 жамоалардан 6 880 нафар ёшлар мусобақада иштирок этиш учун саралаб олинди. Мусобақалар ўтказилиши учун жами 18 та спорт майдончалари танлаб олинди.

1-босқич: 15-25 февраль кунлари маҳаллалардан жамланган жамоалар ўртасида сектор биринчилиги учун беллашилади ва ғолиб бўлган жамоа тумандаги секторлараро босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

2-босқич: 26-февралдан  5-мартга қадар тумандаги 4 та секторларидан 4 та ўғил ва 4 та қизлар жамоалари айлана тизими асосида туманларда танлаб олинган спорт залларида ўйнашади ва ғолиб бўлган жамоалар шаҳар босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

3-босқич: 6-20 март кунлари барча туманлардан 12 та ўғил ва 12 та қизлар жамоалари шаҳар босқичда айлана тизими асосида Юнусобод туманида жойлашган Спорт мажмуасида беллашади ҳамда ғолиб ва совриндор жамоалар аниқланади.

Жамоа таркиби: жами 13 нафардан шулардан, 10 нафар иштирокчи, 1 нафар тренер, 1 нафар жамоа вакили ва 1 нафар жамоа раҳбаридан ташкил топади.

Мазкур мусобақанинг барча босқичларида қуйидаги  иштирокчилар иштирок этишига рухсат берилмайди. Жумладан:

  • спорт мактабларидаги ўқув машғулот гуруҳларида ёки профессионал спорт клубларида спорт билан мунтазам шуғулланувчилар;
  • халқаро тоифадаги спорт устаси, спорт устаси ва спорт усталигига номзодлар;
  • 1,2,3-спорт разрядига эга бўлган спортчилар;
  • маҳалла ёшлари етакчилари;
  • тренер ва жисмоний тарбия фан ўқитувчилари;
  • маҳалладаги яшаш манзили бўйича доимий рўйхатдан ўтмаганлар;

мусобақаларида иштирок этадиган ёшлар бир маҳаллада истиқомат қилиб, яшаш манзили бўйича доимий рўйхатдан (мусобақа бошланиш кунидан камида 6 ой олдин) ўтган бўлса, бошқа маҳалла номидан ушбу мусобақаларда иштирок этиши қатъиян тақиқланади.

Волейбол мусобақаларини ташкил этишда Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар спорт бошқармаси, Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва Ўзбекистон волейбол федерацияси Тошкент шаҳар бўлими яқиндан ҳамкорларимиз ҳисобланади. 

Мусобақа ғолиб ва совриндорларини маҳаллалараро сектор босқичида жамоа иштирокчилари сектор раҳбарлари ва ҳомий ташкилотлар томонидан 1,2,3-даражали диплом, медал ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Секторлараро туман босқичида ғолиб ва совриндор бўлган жамоа иштирокчилари туман ҳокимлари, туман Ички ишлар органи раҳбари ва ҳомий ташкилотлар томонидан 1,2,3-даражали диплом, медал ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Шаҳар босқичида ғолиб ва совриндор бўлган жамоа иштирокчилари Ўзбекистон волейбол федерацияси Тошкент шаҳар бўлими ва ҳомий ташкилотлар томонидан 1,2,3-даражали диплом, медал ва пул маблағлари билан тақдирланади. Жумладан,

1-ўрин – ҳар бир иштирокчига 7 миллион сўмдан ва кубок;

2-ўрин – ҳар бир иштирокчига 5 миллион сўмдан;

3-ўрин – ҳар бир иштирокчига 3 миллион сўмдан пул маблағлари мукофот тарзида берилади.

Барча янгиликлар

Text to speech