14 Март 2024 йил 1179

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи кубоги ғолиблари аниқланди

Бугун, 14 март куни Тошкент шаҳридаги “Юнусобод” спорт мажмуасида спортнинг волейбол тури бўйича Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи кубоги мусобақасининг финал ўйини бўлиб ўтди. 

Мусобақа шиддатли ва муросасиз баҳсларга бой бўлди. Ҳар бир жамоа ғолиблик учун астойдил кураш олиб борди. Мусобақа якунларига кўра, ўғил болалар ўртасидаги баҳсларда Янгиҳаёт тумани “Файзли” маҳалласи жамоаси ғолиб бўлиб, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи кубогини қўлга киритдилар. Иккинчи ўрин – Мирзо Улуғбек тумани “Фаробий” маҳалласи жамоасига, учинчи ўрин эса Юнусобод тумани “Нурмакон” маҳалласи жамоасига насиб этди. 

Қизлар ўртасидаги мусобақаларда эса Сергели тумани “Янги Сергели” маҳалласи жамоасига тенг келадиган рақиб топилмади. Иккинчи ўрин Бектемир тумани “Миришкор” маҳалласи жамоасига насиб этди. Учинчи ўринни эса Яшнобод тумани “Ахмад Яссавий” маҳалласи жамоаси қўлга киритди. 

Мусобақада ғолиб ва совриндор бўлган жамоаларнинг ҳар бир вакили, хусусан жамоа сардори бўлган маҳалла профилактика инспектори ва ёшлар етакчиси пул мукофотлари, медаль ва диплом билан тақдирланди. Шунингдек, “Энг фаол ҳимоячи”, “Энг фаол ҳужумчи”, “Энг фаол спортчи”, “Энг яхши ҳакам” номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Ғолибларга кубок ва совринларни Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, шаҳар прокурори, солиқ бошқармаси бошлиғи, ДХХ, Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи, Спорт бошқармаси, волейбол федерацияси Тошкент шаҳар филиали бошлиқлари томонидан тантанали равишда топширди.

Мусобақада халқимиз севган санъаткорларнинг куй-қўшиқлар билан чиқишлари ўзгача шукуҳ бағишлади.

Таъкидлаш жоизки, мусобақада қатнашган маҳалла ёшлари бир жамоа бўлиб ҳаракатланиш стратегиясини ўрганди, ҳудудий профилактика инспектори ва ёшлар етакчиси билан янада яқин бўлиб, бир оила бўлиб ҳаракатланди.

Барча янгиликлар

Text to speech