25 Сентябр 2024 йил 1288

Тошкент шаҳрига ташриф буюраётган сайёҳлар хавфсизлиги таъминланмоқда

Дунё бўйича сайёҳликни янада ошириш учун турли давлатлар эътиборни жалб қилувчи тадбирлар уюштириш билан сайёҳлар оқимини ўзига жалб қилиш учун самарали чоралар кўрмоқдалар.


Мамлакатимизда ҳам дунё сайёҳларини жалб қилиш учун сўнгги йилларда нафақат тарихий ва маданий тадбирлар, шунингдек, жаҳон миқёсидаги спорт мусобақалари уюштириш билан ушбу йўналишдаги ишқибозларни жалб қилиш яхши анъанага айланиб бормоқда. Жумладан, бокс, оғир атлетика, югуриш марафонлари қаторида, «Паҳлавон Маҳмуд» баҳодирлар ўйинлари, шунингдек, ахборот технологиялар соҳасидаги дастурчиларнинг ўзаро баҳс олиб боришлари мамлакатимизга хорижий меҳмонлар оқимини оширишга хизмат қилади.


Ана шундай тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида 20-22-центябр кунлари пойтахтимиздаги «Наврўз» истироҳат боғида «Лаззатли Ўзбекистон» халқаро гастрономик фестивалини келтирсак бўлади. Унда Ўзбекистоннинг ҳудудлари ва хорижлик меҳмонлар ўз пазандалик санъат асарларини намойиш этмоқда.


Шунингдек, Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) Кенгашининг 2023 йил 23 июнь кунидаги қарори билан ҳар 4 йилда бир маротаба ўтказиладиган футзал бўйича Жаҳон чемпионатининг 2024 йилги мусобақаларининг ХХ тури Ўзбекистонда ўтказилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жаҳон чемпионати Андижон, Бухоро ва Тошкент шаҳарларида ўтказилса, финал турнирига олтита алоҳида қитъа мусобақаларида қатнашган жами 24 та терма жамоа аъзолари мамлакатимизга ташриф буюрган.


Юқоридаги иккита халқаро аҳамиятдаги тадбирларга ташриф буюрган меҳмонлар ва хорижлик сайёҳларга қулай шароитлар яратиш, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёрдамга муҳтож бўлган туристларга тезкор ва сифатли ёрдам кўрсатилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech