Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни” байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди
Байрам тадбирида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбарияти, аёл ходималар, ички ишлар органлари фахрийлари, хизмат бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг аёллари ва оналари, Ички ишлар вазирлигининг 1-сон академик лицейи ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этдилар.
Тантанали тадбирни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев очиб, барча йиғилган аёлларни байрам билан табриклади. Бош бошқарма бошлиғи аёл бўлишига қарамай, сафдаги эркаклар билан елкама-елка туриб, давлатига, халқига садоқат билан хизмат қилаётган аёл ходималарга ўз эҳтиромини билдирди. Тадбир давомида юқори натижаларга эришган ходималарга мукофот ва унвонлар топширилди. Сўнгра Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, подполковник Шаҳноза Абзалованинг кўп йиллик хизматлари эътироф этилиб, давомли олқиш ва қарсаклар остида нафақага кузатилди. Шаҳноза Абзалова сўз олиб, кўрсатилган ҳурмат ва эҳтиром, меҳнатининг муносиб қадрлангани учун Бош бошқарма раҳбариятига миннатдорлик билдириб, ёшларга ҳалол ва самарали ишлаши, барчага ёруғ юз билан нафақага чиқиш бахтига муяссар бўлиш тилагини билдирди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимларидан ташкил топган «Ниҳол» гуруҳининг концерт дастури билан чиқишлари эса ёқимли совға бўлиб, барчага кўтаринки руҳ бағишлади.