25 Сентябр 2024 йил 933

Тош тагидаги “хазина”

       “Мен устачилик қилиб ҳар хил қурилиш ишларида ёлланма ишчи бўлиб ишлаб, пул топаман. 2023 йилнинг 15 октябрида “Ўзбекистон” боғига иш қидириб бордим. Озгина ишладим ҳам. Кун кеч бўла бошлаганда пиёда йўлга чиқдим. Йўлимда катта бир тош учради. Уни бир тепган эдим тагида қора изолентага ўралган нарсага кўзим тушди. Бундай нарсалар менга таниш бўлгани учун уни олиб уйга олиб келдим. Бу героин гиёҳванд моддаси эди”.


         Бу 1973 йилда туғилган, вақтинча ишсиз, бўйдоқ, илгари бир неча марта гиёҳванд моддалари олди-сотдиси, сақлаш ҳамда ўғирлик жинояти учун судланган Муҳаммаднинг тушунтириш хатидан нусха. Муҳаммад илк марта 2004 йилда гиёҳванд моддани истеъмол учун сақлаганлиги бўйича судланиб 3 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Аммо озодликка чиқиб ҳам тавба қилмади. Сўнг 2007, 2010, 2020-йиллари ҳам гиёҳванд моддалари истеъмоли ва олди-сотдиси билан шуғуллангани боис узоқ муддат панжара ортида ўтиришига тўғри келган. Гиёҳванд моддаларнинг турлари унга жуда яхши таниш. Шу боис гўёки топиб олган нарсасининг героин моддаси эканлигига шубҳа қилмаган ва била туриб уйига олиб келган. Уни истеъмол қилиш учун 13 бўлакка бўлиб истеъмолга ва сотишга тайёрлаб қўяди. Эртаси куни бўлаклардан бирини олиб, шаҳарнинг “Эски жўва” бозорига тушади ва таниши Нодирни учратиб қолади. Иккиси миллий тамомлар ошхонасига йўл олишганда, ички ишлар идоралари ходимлари томонидан тўхтатилиб, шахсини текширганда ўзини шубҳали тутади. Текширув пайтида Муҳаммаднинг костюм чўнтагидан кучли таъсир қилувчи психотроп дори воситаси ҳамда 0,34 грамм героин моддаси топилади.


         – Ҳаммага маълумки, героин моддаси шунчаки, тош тагида ётмайди. У гиёҳванд моддалари ичида кучлиси ва қиммати ҳисобланади, – дейди Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Мадад Жўраев. – Унинг гўёки иш қидириб айнан ўша жойга боргани ҳам бежиз эмас, албатта. Жиноятчилар терговни чалғитиш, жазодан қутулиб қолиш учун қандай ёлғонларни ишлатмайди, дейсиз. Аммо қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади, деган ибора бекорга айтилмаган.


        Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди очиқ суд мажлисида Муҳаммадни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми (“Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) билан айбли, деб топди ва унга 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Барча янгиликлар

Text to speech