27 Июн 2024 йил 2204

Тил билган эл билар

Ҳумоюн Мирзатиллаев Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги  ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академиясини 2023 йилда муваффақиятли тугатиб, Тошкент шаҳар ИИББ Яшнобод тумани ИИО ФМБда профилактика инспектори лавозимида иш бошлади. Отаси Отабек Сатимбаевнинг ҳам ички ишларда фаолият юритиши сабаб унга хизмат кўникмаларини  эгаллаш қийин кечмади.  Ёш лейтенантнинг тиришқоқлиги, ишга сидқидилдан ёндашиши раҳбарият эътиборидан четда қолмади. Кўп фурсат ўтмай, у пойтахт ИИББ  Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика инспекторлигига  таклиф қилинди.  Инглиз, рус ва турк тилларида бемалол сўзлашуви  унга хорижий сайёҳлар билан ишлашда жуда қўл келди.

 – Юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар, меҳнат шартномалари асосида ишловчи хорижликлар билан ҳам баъзан  англашмовчиликлар юз бериб туради. Худди шундай ҳодиса ҳиндистонлик бир неча меҳмонлар билан юз берди. Улар паспортларини йўқотиб қўйишиб, ички ишларга мурожаат қилишди, – дейди лейтенант Ҳумоюн Мирзатиллаев.  – Уларнинг сафар йўлларида қидирув ишлари натижа бермади. Меҳмонларнинг ватанига қайтиш муҳлатлари эса яқинлашиб борарди. Маҳаллий профилактика инспектори, тегишли идоралар билан ҳамкорликда уларга янги ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ватанларига қайтаришга муваффақ бўлинди.

Ёки Туркия давлати фуқароси билан бўлган  воқеа ҳам ёзишга арзигуликдир. Ўзбекистонда фаолият юритувчи Туркия компаниясининг ишчиси бўлган Билол ўз иш ҳақини ололмай  ички ишларга мурожаат қилди. Ички ишлар идоралари томонидан  тегишли идораларга мурожаатлари натижасида иш берувчидан тўлиқ иш ҳақини олди.

Ҳумоюннинг иш тажрибасида сайёҳларнинг адашиб қолиши, буюмларини унутиб қолдириши, бирор хизмат кўрсатилишидан норозилик билдириши каби воқеалар учраб туради. Уларни қонун доирасида ҳал қилиш, юртимизнинг гўзал  масканларини эркин томоша қилиш, асори атиқаларимиз билан танишиб, Ўзбекистонимиз ҳақида илиқ ва ёқимли хотиралар билан  ватанларига қайтишида пойтахт ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларининг ҳиссаси катта. Ана шу ҳиссанинг кичик бўлагида  бошқарманинг ёш  ходими, лейтенант Ҳумоюн Мирзатиллаевнинг ҳам улуши борлиги қувонарлидир. 

Барча янгиликлар

Text to speech