16 Октябр 2024 йил 800

Тажриба ўз-ўзидан келмайди

Пойтахт ИИББда кўп йиллар ишлаб, бой тажриба орттирган малакали ходимлар талайгина. Уларнинг иш фаолияти, тинчлик-осойишталикни сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги хизматлари ҳақида қанча  ёзсак шунча оз. Шундайлардан бири Яшнобод тумани ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Қурбонназар Жуманиёзовдир. Ўзбекистон Қуролли кучларида йигитлик бурчини ўтаб қайтган Қурбонназар касб танлашда иккиланиб ўтирмади. 1995 йилда пойтахтнинг Учтепа (аввалги Акмал Икромов) тумани ИИБ навбатчилик қисмида илк хизматини бошлади. Ёш, интилувчан ва ғайратли йигит хизмат соҳаларига қизиқиши туфайли таҳлилий бўлим, профилактика, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа соҳаларда ўз фаолиятини давом эттирди. 2022 йилдан эса юқорида кўрсатилган лавозимда сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Бўлим ҳудуди 16та маҳаллани қамраган. Уларда етмиш саккиз мингдан ортиқ турли миллат вакиллари тинч-тотувликда истиқомат қилиб келмоқда. Турли ёшдаги аҳоли ва 13 мингдан ортиқ ўсмир-ёшлар билан мунтазам равишда жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликларга қарши кураш борасида турли тадбирлар амалга ошириб келиняпти. Айни кунларда пойтахтимиз ҳудудида  “Гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш ойлиги”да давра суҳбатлари, учрашув ва бошқа тушунтириш, огоҳлантириш ишлари олиб борилмоқда.

Амалга оширилган тезкор ва профилактик тадбирлар натижасида 2024 йилда Яшнобод тумани 3-сонли ИИБ ҳудудидаги маҳаллаларда содир этилган жиноятлар  салмоқли даражада камайди.Содир этилган жиноятларнинг фош этилиши 80 фоиздан 91 фоизга яхшиланди.

Ўттиз йилга яқин хизмат фаолияти даврида Қурбонназар кўплаб шогирдлар етиштиришга муваффақ бўлди. Улар ички ишлар органларининг барча соҳаларида,  раҳбарлик лавозимларида пойтахтимизнинг турли туманларида  самарали меҳнат олиб боришмоқда. Таъкидлаш мумкинки,  шу кунгача шогирд ва устозлар ўртасидаги ришталар узилмаган ва шогирдлар исталган вақтда маслаҳат сўраб мурожаат қилишади.     

— Хизматимда кўплаб воқеаларнинг шоҳиди бўлдим, — дейди подполковник Қ.Жуманиёзов. — Арзимаган нарсалар учун, нафсини жиловлай олмай мудҳиш жиноятларга қўл урган, оиласи, фарзандларини ўз ҳолига ташлаб қўйган ота-оналар, йўлини йўқотиб адашиб-улоқиб юрган, гиёҳвандлик ва ичкиликка берилган  шахсларни тўғри йўлга солиш, одамийлик қиёфасини йўқотмаслиги учун ёрдам беришга ҳаракат  қилдим. Ҳолбуки, улар юртдошларимиз, ватандошларимиз. Уларга бефарқ бўлсак, бахтли келажагимизни яратишимиз қийин кечади.

Подполковник Қурбонназар Жуманиёзовнинг кўп йиллик фидойи хизматлари Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти, ИИВ томонидан муносиб тақдирланиб борилди. Турли фахрий ёрлиқлар, пул мукофотлари билан бирга 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбарияти томонидан 1-даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан  тақдирланиши унинг кўп йиллик сидқидилдан қилган ҳалол ва самарали меҳнатларининг муносиб эътирофидир.

Кўп йиллик бенуқсон хизматлари  туфайли орттирган бой тажрибасини оммалаштириш ва ёш авлодга етказиш мақсадида тиниб-тинчимас Қ.Жуманиёзов шу кунларда ички ишлар органларида махсус техникаларни қўллаш мавзусида илмий иш олиб бориш  борасида изланмоқда. Қаҳрамонимизнинг кўп йиллик машаққатли ва шарафли хизмат йўлига назар ташлар эканмиз, тажриба ўз-ўзидан келмаслиги, уни инсон йиллар давомида ўқиб ўрганиши, қийинчиликларни сабр-тоқат билан енгиб ўтишига тўғри келишига гувоҳ бўламиз. Ички ишлар органларида эса шундай иродали ва матонатлилар хизмат қилишади.

Барча янгиликлар

Text to speech