4 Октябр 2024 йил 558

Соғлом авлод – соғлом келажак

         Ватан тинчлиги оиладан, кўчадан, маҳалладан бошланади. Маҳалла тинч, обод бўлса, юрт тинч, обод бўлади. Бугунги кунда маҳаллаларнинг тинчлиги, хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда маҳалла фуқаролар йиғинларига бириктирилган профилактика инспекторларининг ҳудуд фаоллари билан олиб бораётган  ишлари ўз самарасини бермоқда. Буни пойтахт Миробод тумани “Наврўз” маҳалласи кесимида ҳам кўриш мумкин.


        Маҳалла профилактика инспектори, катта лейтенант Фазлиддин Жалиловнинг мазкур маҳаллада иш бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай, у ўз атрофида маҳалла  фаолларини жипслаштиришга, ҳамкорликда ҳуқуқбузарлик ва бошқа ижтимоий, маиший масалаларни биргаликда ечимини топишга эришди. Ҳолбуки, у бу гўшада иш бошлашдан аввал туманнинг “Темирйўлчилар” маҳалласида 2021 йилдан фаолият юритиб келган эди. Мазкур маҳаллада турли миллат вакиллари  аҳил ва ҳамжиҳатликда истиқомат қилиб келишмоқда. Фазлиддиннинг  маҳалла аҳли билан доимий равишда профилактик тушунтириш,  ҳушёрлик ва огоҳликка  чақириш борасида ўтказиб келаётган тадбирлари, учрашув  ва ўзаро ишончга асосланган суҳбатлари натижасида аҳолининг жамоатчилик тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари ўз “мевасини” бермоқда. Жорий йилда маҳалла фаолларининг зийраклиги ва  ҳушёрлиги сабабли  6 та ҳуқуқбузарликларнинг олди олинди. Апрель ойида эса  бир гиёҳвандлик жинояти фош этилиб, қонунбузар суд олдида жавоб берди. Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш мақсадида, шаҳри азим ҳудудида гиёҳванд ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш ойлиги эълон қилинганда, Фазлиддин ўз фаоллари билан ҳудудларни айланиб, аҳолини ойлик бошлангани, унинг мазмун-моҳияти, жамиятимизни бу ёвуз иллатдан поклаш йўлида ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар  берди. Ҳаракат бесамар кетмади. 24 сентябрь куни Гайдар Алиев кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар икки бегона шахсларнинг бежо ҳаракатларига гувоҳ бўлишди. Бу ҳақда зумда профилактика инспектори  хабардор этилди. Фазлиддин  фуқаролик кийимида маҳалла фаоли Гульжан Аревало билан уларни кузатувга олишди. Шу куни гиёҳвандлик моддасини белгиланган манзилларга элтиб, хуфиёна жойлаштириб кетаётган шахслар қўлга олинди. Маҳаллада яшовчи яна бир фуқаронинг  ҳушёрлиги туфайли 28 сентябрда худди шундай  гиёҳвандлик моддасини хуфиёна жойлаштирув ҳолатига чек қўйилди.   


        – Маҳалла аҳлининг ҳушёрлиги ва огоҳлиги туфайли  гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ҳолатларининг олди олинмоқда, – дейди катта лейтенант Фазлиддин Жалилов. – Кўпдан қуён қочиб қутулмас, деганларидек, бир бўлиб жамиятимиздаги иллатларга қарши курашсак, албатта унга барҳам берилади. Бунда маҳалла фаоллари, унда истиқомат қилувчиларнинг ўрни катта. Ҳар ким ўз кўчасига кирган бегона ёки шубҳали шахсга эътибор бермаса, бу ҳақда  ўз ҳудуд инспекторини огоҳлантирмаса, биргина профилактика инспекторининг кечаю кундуз ҳудуд айлангани натижа бермаслиги ҳам мумкин.   


        Жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ишларида ҳеч ким лоқайд бўлмаслиги, бу фақат ички ишлар органларининг вазифаси, дея четда турмаслиги керак. Куч –бирликда. Бугун қўшнинг уйига кирган иллат, эртага сенинг ҳам уйингга мўралаши мумкин. Шу боис ойлик доирасида олиб борилаётган ишлар изчил равишда мунтазам давом этади. Шу юртнинг фарзандиман деган, унинг соғлом авлоди, фаровон келажагига бефарқ бўлмаган фуқароларнинг бу хайрли ишга ўз ҳиссаларини қўшишига шубҳа йўқ.

Барча янгиликлар

Text to speech