31 Май 2024 йил 1338

Сингил учун марварид

Воқеа жойига етиб келган Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ тезкор-тергов  гуруҳи ходимлари уй деворининг паст эканлигига эътибор қаратишди. Эшик қулфи бузилмаган. Демак дераза дарчаси очиқ қолдирилган. Ўғри дарча орқали деразани очиб кирган. Девордаги оёқ изларини аниқлаган эксперт-криминалистнинг дастлабки хулосаси ҳам буни тасдиқлади. Илк зарурий ҳаракатлар олиб борилиб, қўни-қўшнилар билан суҳбатлашилди. Бу хонадондан  катта миқдорда пул ва қимматбаҳо тақинчоқлар ўғирланганди. Уларнинг шаклу шамойили аниқланиб, рўйхати тузилди. Хулоса қилиш мумкинки, жиноятни бу уйни билган, қаерда  нима жойлашганидан хабардор шахс амалга оширган. Ёки у “ёлланган”. Суриштирувлар натижасида бир эмас олти марта ўғирлик жинояти учун қамалиб чиққан, умрининг аксарият қисмини панжара ортида ўтказган Васил (исмлар ўзгартирилган) гумондор сифатида сўроқ қилинди. Тергов ҳаракатлари жараёнида унинг шахси ўрганилганда,  ота-онаси аллақачон ажраб кетишгани, отанинг қаерда эканлиги номаълум, она бўлмиш эса ўзга юртларда яшаши, на манзили на дараги борлиги маълум бўлди. Васил икки вояга етмаган синглиси билан амакисининг уйида яшаб келаркан. Сўнгги пайтларда Васил ота-она меҳрига тўймаган, амакининг уйида ижарада тургандек, қисиниб-қимтиниб яшаётган сингилларига муносиб ака бўлолмагани, уларга етарли шарт-шароит ярата олмаганидан ўксиб юраркан. Шунчаки суҳбат ўтказилганда, Василнинг ўзи ўғрилик содир этганини тан олди. Унинг жиноятни тез бўйнига олганидан гумонланган терговчи воқеа тафсилотларини сўраркан,  тергов эксперименти ўтказишга қарор қилди. Васил бехато уй томон бошлаб борди. Деразага газ  қувури орқали чиққанини, дарчани очиб қиргани, пул ва тақинчоқларни қайси жавондан ўғирлаганини адашмай кўрсатиб берди. Эндиги вазифа ашёвий далилларни топиш эди. Унинг уйида тинтув ўтказиш учун ордер олинди. Синчиклаб ўтказилган тинтув жараёни ҳеч қандай натижа бермади. Пуллар-ку майли, ишлатиб юборилгандир, аммо тилла тақинчоқларни тезда сотиб юборишнинг имкони йўқ. Демак бошқа жойга яширилган. Ходимларнинг ҳафсаласи пир бўлиб, кетишга тараддудланаётганди, терговчининг кўзи  кўчадан югуриб кирган Василнинг кичик синглиси бўлмиш Одинанинг бўйнидаги қимматбаҳо дурга тушди. Дур салмоқли бўлиб, кичиклардан кўра катталарнинг бўйнига мос эди. Нархи ҳам ўзига яраша эканлиги шундоққина кўриниб турарди. Терговчи қизча билан суҳбатлашиш  учун тажрибали педагогни таклиф этиб, амакисини, холислар иштирокини таъминлади. Ўта эҳтиёткорлик ва самимият билан ўтказилган суҳбат асносида қизча марваридни туғилган кунида акаси Васил совға қилганини айтиб берди. Туғилган кун - ўғрилик содир этилган кун эди. Тергов жараёнида Василнинг айби тўлиқ исботланди ва у ўз жинояти учун қонун олдида жавоб берди.

Барча янгиликлар

Text to speech