9 Сентябр 2024 йил 709

Сарсон талабалар

Шаҳзод билан Суҳроб битта олийгоҳда ўқишади. Ниятлари олийгоҳда яхши билим олиб ўз касбларининг устаси бўлиш десангиз, хато ўйлаган бўласиз. Улар ётоқхонада бирга туриша бошлашди-ю ҳамфикр чиқиб қолишди. Нима кўп “ковид” деган бало ортидан келиб чиқаётган муаммолар кўп. Айниқса, вужудга келган шароитлар мамлакатимиздан ташқари олийгоҳларда ўқиётган талабаларнинг юртимиздаги тенг мақомли ўқув юртларига ўтказиш ҳаракатига тушиб қолишгани. Икки талаба бу вазиятдан фойдаланиб қолишни –Ўзбекистон  олийгоҳларига ўқишларини кўчириш истагида бўлганларга “ёрдам” беришни мақсад қилишди. Ҳар иккиси гапни бир жойга қўйиб, масъулияти чекланган жамият тузиб, ижтимоий тармоқлар орқали сохта эълон беришди. Дарҳақиқат, улар нишонни тўғри олишган экан. Кўп ўтмай илк мижозлар пайдо бўла бошлади. 2021 йилнинг декабрь ойи ўрталарида Шаҳноза ўқишини Россия Федерациясидаги университетдан Тошкентдаги университетга ўтказиш масаласида мурожаат қилади. Қизнинг соддалиги ва ундан фойдаланиш мумкинлигини сезган “ҳожатбарорлар” жамиятнинг имкониятлари кенглиги: нафақат ўқишни ўтказиш балки олийгоҳларга киритиб қўйишга ҳам қодирлигини қистириб ўтишади. Қўшни республикалар олийгоҳларига арзонга киритиб, узоғи билан бир-икки йил ичида мамлакатимиздаги муқобил олийгоҳларга ўтказиш нисбатан камхаражатлигини миясига қуйишади. Тузоқ иш бериб, бир ҳафталар ўтиб-ўтмай Шаҳноза икки нафар таниши: Рўзигул ва Абдуллахонларни етаклаб келиб турибди-да. Ҳар бири қўшни республикасидаги педагогика университетига ўқишга киришига ишониб, 650 АҚШ долларидан беришади ва катта умидлар билан хушхабарни кута бошлашади. Кириб келган янги 2022 йил икки ҳамтовоқ учун “серҳосил” йил бўлишидан дарак бераётганди. 18 февраль куни қўшни республикаларнинг нуфузли олийгоҳларида ўқишига ишонган Нилуфар 12.500.000 сўм, Зуҳриддин 10.000.000 сўм, Зарина 200 АҚШ доллари беради.

– Афсуски, ҳанузгача билимларини чуқурлаштириш, кириш имтиҳонларига қунт билан тайёргарлик кўриш ўрнига, пора бериб олийгоҳ талабаси бўлиш орзусида юрадиган ёшлар бор, – дейди Яккасарой тумани  ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, капитан Сардор Махсатуллаев. – Кучли билимга эга инсон фақат ўзига ишонади, пулнинг кучига эмас.    

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди 1999 йилда туғилган, маълумоти тугалланмаган олий, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган Шаҳзодни ва 1999 йилда туғилган, маълумоти тугалланмаган олий Сухробни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “Б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Уларнинг айбига тўла иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, жабрдийдаларга етказилган моддий зарарни тўла қоплаганлиги, жазони оғирлаштирувчи ҳолат аниқланмаганлиги инобатга олиниб, ҳар иккиси иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.

Барча янгиликлар

Text to speech