3 Июн 2024 йил 1458

Ишқ билан ҳазиллашма

Қурбон (исм-шарифи ўзгартирилган) 33 ёшида севиб қолди. У бу ҳақда бор овози билан ҳайқиргиси келар, баъзан туйғуларини жиловлай олмас, бу эса сирини фош этиб қўярди. Ҳиссиётларга берилган Қурбон ўзини  ишқ йўлида ҳар нарсага тайёр бўлган ошиқ йигитдек  тута бошлади. Бир неча йиллардан буён биргаликда яшаб, эрининг юриш-туришидан хабардор бўлган турмуш ўртоғи эрининг хулқ-атвори ўзгариб қолганини сезиб, учинчи одам оиласига аралашганини  сезди. Шунга қарамай, эрининг жиззакилиги, тутуриқсиз феълини билган  аёл  асоссиз рашк  қилишдан ўзини тийди. Вазиятни  кескинлаштиришни истамади. Бироқ ойни  этак билан ёпиб бўлмаганидек,  яқинлари Холидага эрини бир неча бор бир аёл билан кўрганини айтишарди. Ҳожатбарорлар унга ҳатто эри учрашиб юрадиган аёлнинг телефон рақамлари ва ота-онаси яшайдиган манзилигача аниқлаб беришди. Бир томондан рашк, иккинчи томондан  жиззакилик  жиноятнинг асосий сабабчиси бўлди.

Ўша машъум кунда  Қурбон ҳеч ким суҳбатини эшитмаслигига ишонган ҳолда, севгилисига қўнғироқ қилди. Аммо остонада ғазабланган хотинини кўриб, гапи оғзида қолди. Жанжал бошланди. Хотини унинг барча кирдикорларини, камчиликларини айтиб ташларкан, энг оғир кунларида бирга бўлганини эслатиб дағдағага ўтди. Шу ўринда қаҳрамонимизни икки марта қора курсида ўтирганини эслатиб ўтмоқчимиз. Хотини унинг хурмача қилиқларига чидаши мумкинлиги, бироқ бошқа аёлнинг пайдо бўлишини хоинлик деб, бунга чидаб бўлмаслигини айтди. Қурбон жанжал яхшилик билан тугамаслигини сезиб, уйдан чиқиб кетди ва  қаҳвахонага бориб, егулик ва спиртли ичимликка буюртма берди. Бир оздан сўнг маъшуқаси унга қўнғироқ қилди. Бу вақтда у  ўзига яраша маст бўлиб қолганди. Гўшакни кўтарган Қурбон бақир-чақирни эшитаркан, хотини ва онасининг овозини аниқ-тиниқ эшитди. маъшуқаси ҳақорат ва дўқ-пўписалар унинг ота уйида бўлаётгани, қўни-қўшнилар ҳам эшитаётгани, шарманда бўлганини, сабабчиси Қурбон эканлигини қайта-қайта такрорларди. У ёрдамга шошилди. Тезда ҳисоб-китоб қилган Қурбон елдек учиб севгилисининг уйи олдида пайдо бўлди.У севгилисига қўнғироқ қилиб олдига чиқишини сўради. Дарвоза эшиги очилиб, севгилиси эмас унинг акаси Мурод чиқиб, ошиққа синглисини бошқа безовта қилмаслигини, тинч қўйишини айтди. Бироқ у муҳаббати ҳақиқий эканлигини исботлашга уринди.  Мурод  ошиқнинг мастлигини кўриб, гаплашиш бефойда эканлигини  тушунди ва гап тугади дегандек ортига бурилганда,  Қурбон сумкасидан пичоқ олиб: “Сенларми севгимга тўғаноқ бўладиган, ҳаммангни сўйиб ташлайман”, деб тўполон кўтариб, Муродга ташланди. Муроднинг ўнг оёғига пичоқ санчилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (“Безорилик”) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов якуни бўйича тўпланган ҳужжатлар ўрнатилган тартибда кўриб чиқишлик учун айблов хулосаси билан судга юборилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани судининг ҳукмига кўра, 33 ёшли Қурбоннинг ҳатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилиб, безорилик жиноятини содир этишда айбли деб топилди. Суд томонидан унга уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Барча янгиликлар

Text to speech