5 Ноябр 2024 йил 542

Эркаласа ота-онаси, талтаяди боласи

      (Биз халқ мақолини бир оз ўзгартирдик, зотан қуйидаги мақола буни оқлашига шубҳамиз йўқ.)  Ота-она энг яхши нарсаларни фарзандларига раво кўради. Биз қийналдик, фарзандларим қийинчилик кўрмасин, дейди. Аслида бизларни меҳнаткаш, тиришқоқ ва пухталик, исрофгарчиликка берилмаслик, сабр-қаноат, режали иш қилишга ўргатган нарсалар айнан ўша қийинчиликлар эмасми?! Яхши ният билан ўғиллари Шерзодга Lacetti автомашинасини олиб берган ота-она хато қилишганини кеч англашди. Бироқ ғишт қолипдан кўчганди. Шерзод эртадан кечгача автомашинасида ўртоқлари билан шаҳар айланиб, кунларини тараллабедод ўтказишга ўрганди. Уларга ишлаяпман, деб турли баҳоналарни ўйлаб топиб, алдаб юрди. Ота-онаси Яшнобод тумани Ички ишлар органларига чақирилгандагина фарзанди нима ишлар қилиб юрганидан хабар топишди. Аввалига ишонишмади. Лекин далилий ашёларни инкор қилиб бўлмайди. Воқеа тафсилотлари ҳақида Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, капитан Сирожиддин Зайниев қуйидагиларни маълум қилди.

        –  Шерзод таниши Иброҳим билан жиноий тил бириктириб,  2023 йилнинг 2 январь куни тунги соат 01.30ларда Чилонзор туманида изғиб юришади. Ж.Садиновга тегишли бўлган, қаровсиз қолдирилган Lacetti автомашинасининг 1.984.000 сўмлик иккита ғилдиракларини ўз ускунаси ёрдамида ечиб олишиб, машинасига ортиб жуфтакни ростлашади. 2024 йилнинг 5 январида тунги соат 02ларда  Яшнобод тумани Ховос кўчасида Ш.Боймировга тегишли Cobalt автомашинасининг 7.500.00 сўмлик 4 дона ғилдирагини дисклари билан ўмариб кетишади. Иккиси жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасида Д.Убайдовга тегишли бўлган Lacetti автомашинасининг 600 АҚШ долларилик 2 дона ғилдиракларини дисклари билан ўмариб кетишади.

           Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди очиқ суд мажлисида 2002 йилда туғилган Шерзод ва Иброҳимларнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топган. Суд уларнинг муқаддам судланмаганлиги, қилган ишидан пушаймонлиги, етказилган зарарнинг қопланганлигини инобатга олган ҳолда Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда, ҳар иккисига 2 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech