18 Сентябр 2024 йил 712

Ўрганган кўнгилми, қўлми?

        Ўша куни Эржан анчадан бери кўришмаган таниши Алишерни учратиб қолди. Оққўнгил Алишер бир пиёла чой устида  гурунглашиб болалик, ёшлик даврини эслаш учун уни уйига меҳмондорчиликка таклиф этди. Шундоқ ҳам томоғи тақиллаб, ўзига гумашта қидираётган Эржан жон-жон деб рози бўлди. Йўл-йўлакай спиртли ичимлик, унга газак ва яна ул-бул егулик харид қилишди. Гурунг тунгача давом этди. Алишер Эржанга шу ерда тунаб қолишни айтиб, уйқуга кетди. 2021 йилнинг 21 июни эрта тонгида Миробод тумани ички ишлар навбатчилик қисмига қўнғироқ бўлди. Эржан Алишернинг ухлаб ётганидан фойдаланиб,  унга тегишли бўлган  350.000 сўмлик бир дона “Нокиа е 52”,  400.000 сўмлик “Нокиа 6700”, 100.000 сўмлик “Нокиа 3110”, 90.000 сўмлик “Нокиа 5130”  телефонлари, 400 АҚШ доллари, 300.000 сўм  пулини ўғирлаб, дастурхон ёзиб меҳмон қилган танишига жами 4.724.420 сўмлик зарар етказади.


         – Илгари  бир эмас, тўрт маротаба ўғирлик жинояти учун судланган Эржан бундан ўзига тегишли хулоса чиқармади, – дейди Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Фарруҳ Иргашев. – Тергов жараёнида маст бўлганлиги боис ўз хатти-ҳаракатларини назорат қилолмагани, “қўли кетиб қолгани”ни, пушаймонлигини айтиб, Алишердан қайта-қайта узрини сўради. Алишер уни кечиргани билан қонуннинг ўз сўзи бор.


         Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди Эржаннинг қилмишини очиқ суд мажлисида кўриб чиқди. Суд 1981 йилда туғилган, хавфли рецидивист деб топилган Эржаннинг айбига иқрорлиги, чин дилдан пушаймонлиги, келтирилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат, деб топиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169- моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли, деб топди ва 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech