2 Июл 2024 йил 1399

Раҳбар ва ёшлар учрашиви – очиқлик ва самимийлик

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов пойтахт ИИББ тизимида ишловчи ёш ходимлар билан учрашиб, улар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган учрашувда пойтахт ИИББ бошлиғи А.Ташпулатов юртимизда ёшлар сиёсати йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда 2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди. Бу юртимиз ёшларининг мамлакатимиз равнақи ва юксалиши, фуқароларнинг фаровон турмуш, муносиб ҳаётга эга бўлиши, жаҳондаги илғор жамиятлар сафидан ўрин олиши каби мақсадларни ҳаётга татбиқ этишдаги ўрни ва роли залворли эканлигининг эътирофи бўлди.

Ёшларга бўлаётган бу каби эътибор ИИО тизимидаги ёш ходимларни ҳам четлаб ўтмади.  Тошкент шаҳар ИИББ да хизмат олиб бораётган ёшлар орасида 13 нафар Республика чемпионлари, 5 нафар Халқаро турнир ва мусобақалар совриндорлари, 4 нафар Қитъа чемпионлари, 10 нафар Жаҳон чемпионлари ҳисобланган ёш ходимларимиз борлиги, улар мамлакатимиз байроғини жаҳон ареналарида юксакларга кўтариб келаётгани фахримиз эканлигини таъкидлаб ўтди А.Ташпулатов.

Шу билан бирга тадбирда ёш ходимлар орасида қонунчилик ва хизмат интизомини бузиш ҳолатлари содир этилаётганлиги танқидий руҳда кўриб чиқилди.

Шундан сўнг, тизимда ўз меҳнати ва эришган ютуқлари билан барчага ўрнак бўлаётган бир гуруҳ ёшларга фахрий ёрлиқлар топширилди. Кўп йиллар давомида ИИО тизимида меҳнат қилиб, пенсия ёшига етган ходимлар тантанали равишда нафақага кузатилди.

Тадбирнинг кейинги қисмида ёш ходимлар ва ИИББ бошлиғининг очиқ мулоқоти бўлиб ўтди. Самимий руҳда ўтган мулоқотда ёшлар ўзининг таклиф ва мулоҳазаларини, муаммоларини бош бошқарма бошлиғига билдиришди. Ёшларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиб ечимини топиш, хизматга оид таклифларини, фикр ва мулоҳазаларини инобатга олиниб келгуси хизмат фаолият учун зарур чора-тадбирларни белгилаб олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech