20 Сентябр 2024 йил 667

Қулупнай кўчати ғавғоси

Анвар анчадан бери деҳқончилик билан шуғулланиб келади. Меҳнатдан қочмайди, ерни яхши кўради. Ерни яхши кўргани боис уни ҳар хил ўғитлар билан “заҳарлайвермайди”. Шундан бўлса керак унинг маҳсулотларига харидор кўп. Экинлари барқ урганини кўрганда, ёш боладек севинади, чеккан заҳматларини унутади. Ерга дам бериш мақсадида алмашлаб экишни йўлга қўйган. Бу гал  қулупнай экиб омадини синаб кўришга қарор қилди. Қулупнай кўчатларини қидира бошлади. Танишлари орқали 1969 йилда туғилган Раҳматжон билан учрашди. Савдо пишди. Раҳматжон 500.000 туп қулупнай кўчатини 500.000.000 сўмга сотишга, ҳатто дала майдонига элтиб беришга ваъда берди. 2023 йилнинг сентябрь ойида Раҳматжон Анвардан 21.400 АҚШ доллари олди. Бир ҳафта ичида кўчатларнинг аввал ярмисини, кейинги ҳафтада қолган пуллар эвазига ярмини олиб боришга келишилди. Аммо бир ҳафта ўтдиямки,  Раҳматжондан дарак бўлмади. Анвар уни яна таниш-билишлари орқали қидира бошлади. Аммо улар ҳам  Раҳматжонни топа олишмади. Бу ерда  бир шумлик борлигини ҳис қилган Анвар Юнусобод тумани ички ишлар органларига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Мазкур жиноят ишини Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, лейтенант С.Аҳроров олиб борди ва уни қонунан ниҳоясига етказиб, судга оширишга эришди.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди очиқ суд мажлисида Раҳматжоннинг қилмишларини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Айбдорнинг қилмишига пушаймонлиги, айбига иқрорлиги, жабрланувчига етказилган зарарни қоплаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини  инобатга олиб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда  2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech