19 Июл 2024 йил 973

Қирол эмас – қайсар “Лир”

Бу хонадон кичкина, тор бўлишига қарамай, унда фарзандлардан ташқари турли жониворларга ҳамиша жой топиларди. Улар катталарнинг ва болаларнинг доимо ардоғида, парваришида бўларди. Нурлан  Джамолбеков ана шундай “кўпчиликнинг” ичида ўсиб улғайди.  Тумандаги касб-ҳунар коллежининг кинология бўлимини муваффақиятли тугатган қаҳрамонимиз, Республикамиз Қуролли кучлари сафидан қайтгач, Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ЖТСБ Кинология хизматини мувофиқлаштириш бўлимида иш бошлади. Унинг жониворлар билан тиллашишини, сабрини синаб кўриш мақсадида устози, бўлим  бошлиғи, полковник Алексей Гришко боқувхонадаги жониворлар билан таништиргач:

 – Вольерларнинг, итларнинг тозалиги, сув-овқатига жавобгарсан, – деди.

Нурлан ўз ишини виждонан бажариши, жониворларга меҳрини кўргач, бир неча ойлик уч нафар кучукчаларни кўрсатиб, бирини тарбиясига олишни таклиф қилди.

– Булар лайча, кўча итлари-ку! – эътироз билдирди Нурлан. Чунки, бундай ит зоти – малинуа-бельгия овчаркалари ҳақида маълумотга эга эмасди-да ўшанда.

– Сен олавер! Кейин раҳмат айтасан.

Нурлан устозига ҳурмат юзасидан, аммо истар-истамай кучукчага Лир лақабини бериб тарбиясига оларкан, эртасигаёқ тўрт ойлик малака ошириш даргоҳига биргаликда йўл олди. Бу ерда кучукни  қарамоғига олганлигига жуда кўп пушаймонлар еди. Ҳолбуки, топшириқларни тез ўзлаштириб, ҳафталик имтиҳондан ўтганлар ўз  жониворлари билан уйга бориб келиш  ҳуқуқини қўлга киритишарди. Унинг Лири эса ҳеч бир командага бўйсинмас, Нурланнинг хунобини ошириб, “кел” ишорасига кетиб қоларди, “тек тур” деса, югуриб юрарди,  роса “ҳунар” кўрсатар, ҳамкасбларининг кулгисига сабаб бўларди. Натижада имтиҳондан “йиқилиб”, иккиси шанба, якшанбада ҳам шуғулланишга мажбур эди.

– Учинчи ой ҳам бошланди, Лирни ўзгартирмасам бўлмайди, – деб аҳд қилдим, – дейди Нурлан ўша кунларни хотирлаб. – Ҳамкасбларим ўзларига бириктирилган жониворларидан фахрланишар, уларга ҳавасим келар, мен эса номи улуғ, аммо “қулоқсиз, ношуд” Лиримга қараб меҳнатларимга ачиниб кетардим. Қанча унга тушунтирмай, ялиниб-ёлвормай, тушунишни хоҳламасди. Ҳадемай уч ой бўлади уйимга бормаганимга, оиламни кўрмаганимга, бунда эса ўзгариш тугул, ҳаракат ҳам йўқ, деб  жаҳлим чиқарди. Ҳар гал устозим Алексей Алексеевичнинг “сабр,сабр”, деган сўзларини эслардиму лекин шунча вақтим бекор ўтаётгани алам  қилаётганди.  Ишонасизми, сабр косам тўлай деганда Лир буни сезгандек, ўзгара бошлади. Бир ярим ойдан кам муддатда шунақа кўрсаткичлар кўрсата бошладики, ўзим ва мураббийлар ҳам лол қолишди. Ўқишни аъло даражада битириб қайтдик ва хизматга киришдик. Устозим айтганидек, нафақат аъло хизмат қилди, балки соҳада ўтказилган барча кўпкураш мусобақаларида қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб келди.

Бир вақтнинг ўзида Нурлан уй шароитида шарқий европа овчаркасини тарбиялай бошлади. Бир йилдан сўнг ҳакамлар имтиҳонидан муваффақиятли ўтган Рекс ички ишлар идоралари балансига олинди. Айни пайтда Нурлан Рекс билан зиммасига юкланган вазифаларни бекаму кўст бажариб келмоқда. Хизматлари юқори баҳоланиб 3 –даражали бронза кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ўз тўрт оёқли ҳамкасблари ҳақида фахр билан сўзлаётган пойтахт ИИББ ППХ ЖТСБ Кинология фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими кичик инструктор-кинологи, сафдор  Джамолбеков Нурланнинг сўзларини тингларкансиз, бунинг замирида  қанчалик меҳнат, машаққат ва сабр борлигини тасаввур қилиш қийин. Бу ҳақда ўзи “Сабрнинг таги – сариқ олтин” мақоли бежизга айтилмаган экан, дея таъкидлайди.

Барча янгиликлар

Text to speech