15 Октябр 2024 йил 611

Қаранг-чи, арзон машина кўриняптими?

Ўзини чиройли исм билан таништирган одамга ногаҳон кўнглингизда илиқлик уйғонади. Ҳолбуки, исмнинг қандайдир сирлилиги бор. Чиройли, маъноли исмлар кишини ўзига тортади. Агар унинг  кўриниши, ўзини тутиши, хатти-ҳаракатлари, муомаласи ҳам шундай чиройли бўлса... Афсуски, “қаҳрамонимизнинг” хатти-ҳаракатлари ўзининг виқорли исмига  аллақачон доғ тушириб бўлганди. 1972 йилда туғилган, уч фарзанднинг отаси бўлмиш Мираъзам  илгари ҳам фирибгарлик жинояти учун бир неча бор судланиб жазо муддатини ўтаб чиққанди. Бироқ бундан ўзига  яраша хулоса чиқармади.  2023 йилнинг 11 мартида у Яшнобод тумани  Янгиқўрғон маҳалласида бўла туриб, танишининг таниши бўлмиш  А.Жасурнинг ишончига кириб  уни 8.000 АҚШ долларига чув туширди. Воқеа эса бундай бўлганди.

Мираъзамнинг синфдоши Даврон суҳбат орасида таниши Жасур автомашина сотиб олмоқчи эканлигини айтиб қолди. Мираъзамнинг миясига яшин тезлигида алдаб уни қўлга киритиш фикри келди. У синфдошини танишига ёрдам бера олишига ишонтирди. Танишига  ёрдам беришидан хурсанд бўлган Даврон – агарда у қандай ғалвага  бош қўшаётганини билганида эди – Жасур билан телефон орқали боғланиб, Мираъзамни рўпарў қилмасди. Жасурнинг нияти тез кунларда, арзонроқ нархда, яъни ишлаб чиқарувчи нархида “ Lada X-ray” автомашинасини сотиб олиш  экан. Шу ҳам муаммо бўлибди-ю. Мираъзам учун бундан осон иш борми? Мана, машинани  оволсин, шунақанги чиройли рақам олиб берсинки машинасига, душманлари  ку-й-йи-иб кетсин! Мана шундай ўй-ҳаёллар билан юрган Жасурга бир ойга қолдирмай автомашина калитини қўлига тутқазишни ваъда қилган Мираъзам унинг 8.000 АҚШ долларини олдию, осмонга кўтарилган буғдек йўқ бўлиб кетди. Жасур “ҳожатбарорни” телефон қилиб ҳам, уйига бориб ҳам топа олмагач, Давронни қистовга ола бошлади. Даврон Мираъзамнинг уйига қатнайвериб, ахийри сабр-косаси тўлгач, Жасур билан етаклашиб, Яшнобод тумани ИИО ФМБ идорасига келишга мажбур бўлди.  

– Ўзингга яқин тутган, йиллаб дўстона муносабатларда бўлиб юрган одаминг ишончингга хиёнат қилса, албатта хунук ҳолат, – дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов  бўлими катта терговчиси, майор Тигран Тожибоев. – Ахир одамларнинг бир-бирига дўстона муносабати ана шу ишончга асосланмаганми?! Ўртада ишонч бўлмаса, ҳаёт ўз мазмун-моҳиятини йўқотади. Афсуски, Мираъзамга ўхшаганлар одамийликнинг бу сифатини қадрламайдилар. 

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида Мираъзамнинг қилмишига қонунан баҳо берилиб, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “Б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топилди. Суд унинг айбига иқрорлиги, етказилган зарарни тўлалигича қоплаганлиги, оилавий шароитини ҳисобга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech