25 Март 2025 йил 273

Пробация ҳисобидагиларга кўмак берилди

Пойтахтимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, жамиятимиз барқарорлигини таъминлаш кўп жиҳатдан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ўз вақтида чек қўйилишига боғлиқ. Бунинг учун эса жиноят қилишга, ҳуқуқбузарликларни содир этишга табиатан мойил бўлган шахсларни жиноят қилмасдан олдинроқ аниқлаш, ишсиз, бекорчи юрган шахслар, муқаддам судланганлар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш, уларни фойдали меҳнатга жалб қилиш ёки бўш вақтини банд қилиш орқали эришиш мумкин. Айниқса, пробация назоратидаги шахсларнинг юриш-туриши, нима билан машғуллиги, соғлом ҳаётга муносабатини шакллантириш муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда Яшнобод туманидаги “Ишга марҳамат” Мономарказида туман ҳокими, прокурори, ИИО ФМБ раҳбарининг пробация назорати остида жазо муддатини ўтаётган шахслар билан учрашуви бўлиб ўтди. Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган мазкур учрашувда туман ҳокими иштирокчиларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, касб-ҳунарга эга бўлмаганларни касбга қайта йўналтириш, ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ниятида бўлганларга имтиёзли кредитлар ҳамда уй-жойга муҳтожларга субсидия ажратиш бўйича масъулларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича зарур топшириқлар берди. Туман ИИО ФМБ бошлиғи ва туман прокурори томонидан пробация рўйхатида турувчиларга жазони ўташ тартиби, муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш, ўқиш ва ишга жойлашиш масалаларида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, назоратга олинган мурожаатларни ҳал қилиш юзасидан мутасадди раҳбарлар ҳамкорлигида тегишли вазифалар белгиланди. Шу билан бирга туманда жойлашган йирик иш берувчи – “Texnopark”, “Euro pask”, “BetoMax Beton”, “Texnoprogress” корхоналари масъуллари ва бошқа хусусий тадбиркорлар иштирокида “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Натижада ишлаш иштиёқида бўлган 7 нафар шахс ишга йўлланма олган бўлса, 1 нафари “Ишга марҳамат” мономаркази қошидаги ўқув курсларида ўқиш истагини билдирди.Соғлиғини тиклаш бўйича мурожаат қилган 17 нафар пробация ҳисобида бўлган шахслар туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга тегишли муолажа ҳамда зарур тиббий тавсиялар берилди. Бу тадбир жамиятимизда ҳеч ким - ҳатто у нотўғри хатти-ҳаракати билан ўз номига доғ туширган бўлишига қарамай, тўғри йўлга кириш истагида бўлганларга кўрсатилиши зарур бўлган инсонийлик намунасидир.

Барча янгиликлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: