Президент раислигида экспорт, инвестиция ва маҳаллий саноатда 2024 йилда турган вазифалар бўйича йиғилиш бошланди.
Давлатимиз раҳбари ялпи ички маҳсулотни ошириш бўйича катта марра олинганини, лекин бунга фақат ички инвестиция ва ички бозор билан эришиб бўлмаслигини қайд этди:
“Ягона тўғри йўлимиз – хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш ва экспортни кўпайтириш”.
Президент бевосита инвестиция, саноат ва экспортга масъул 11 та вазирлик ва идора, 10 та уюшма, хориждаги дипломатик ваколатхоналар, бундан ташқари, барча вазирлик, тармоқ ва ҳудудларда экспорт ва инвестицияга масъул раҳбар ўринбосари фаолият юритаётган инвестициялар ва ташқи савдо тизимининг фаолияти жуда сустлигини кўрсатиб ўтди.
Ҳозирги мураккаб вазиятда тизимда инвестиция ва экспорт бўйича чуқур таҳлил йўқлиги танқид қилинди.
Асосий бозорларимиз бўлган мамлакатлардаги девальвация, жаҳонда рўй бераётган зиддиятлар ва логистика ҳисобига уларга экспорт камайган.
Бундай мураккаб вазият бугун ёки кеча бошланмагани, Инвестиция вазирлиги ва тармоқлар раҳбарлари экспорт бозорларини диверсификация қилиш устида ўз вақтида бош қотирмагани кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари тизимдаги муаммоларни санаб ўтди.
Комплекс раҳбарияти сўнгги олти йилда четдан қарийб 50 миллиард доллар инвестиция киргани ҳақида маълумот бераётгани, лекин ушбу инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотга, қўшилган қийматга, экспортга таъсири қандай бўлгани бўйича таҳлиллар етарли эмаслиги қайд этилди.
Масалан, ўтган йили ялпи ички маҳсулот ҳам, саноат ҳам 6 фоизга ўсди. Бироқ, товарлар экспортида кутилганидек ўсиш бўлмагани айтилди.
Ҳудудларда эса молиялаштириш тўлиқ якунланган 8 триллион сўмлик 1 мингта лойиҳа ҳалигача ишга тушмаган.
Мамлакатимиз сертификатларини тан олиш бўйича ҳалигача бирорта давлат билан келишувга эришилмаган.
Халқаро молия ташкилотлари билан қиймати 480 миллион долларлик 5 та лойиҳа бўйича келишув имзоланганига 1-2 йил бўлган бўлсада, ўзлаштириш бошланмаган.
Ёки, икки йил олдин ташкил қилинган Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасига 1 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келиш бўйича режалар тўлиқ амалга оширилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан комплекс учун масъул Бош вазир ўринбосари Ж.Ходжаев чорак якунигача ўзгариш қилмаса, лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Ўз тизимидаги камчиликлар ва сусткашлик учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Б.Абидов ва Техник тартибга солиш агентлиги раҳбари Д.Саттаров лавозимидан озод қилинди.
Инвестиция комплексига кирувчи вазир ва ҳокимларнинг режалари ва натижалари суст бўлган ўринбосарлари ишдан бўшатилиб, уларга аниқ KPI белгиланиши ва шундан кейин бир йил муддатга шартнома асосида ишга олиниши белгиланди. Натижага қараб шартнома узайтирилади ёки бекор қилинади.
Давлатимиз раҳбари экспорт соҳасидаги ишлар аҳволини таҳлил қилди. Комплекс раҳбарияти ва ҳокимларнинг 2024 йил учун экспорт режаси етарли эмаслиги қайд этилди.
"Иқтисодиётимизни янги босқичга олиб чиқиш учун, экспортни йилига камида 30 фоизга ошириб боришимиз зарур" - деди Президент.
Лекин, ўтган йили 2 та драйвер тармоқ ва 4 та ҳудудда 2022 йилга нисбатан экспорт ҳажмлари камайди. Шунингдек, 10 та туман ва шаҳарда экспорт олдинги йил кўрсаткичини ярмига ҳам етмади.
Шу муносабат билан Бош вазирга Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳокимининг инвестиция бўйича ўринбосарлари ҳамда 10 та туман ва шаҳар ҳокимига нисбатан интизомий чора кўриш топширилди.
Мева-сабзавот экспорти учун хорижий давлатларнинг фитосанитар рухсатлари олинганига қарамасдан, улардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Масалан, Японияга 58 турдаги мева-сабзавотга фитосанитар рухсат олингани билан, 52 тури бўйича, Ҳиндистонга 38 тадан 32 таси, Покистонга 22 тадан 18 таси, АҚШга 15 тадан 11 таси бўйича экспорт бўлмади.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ва ҳокимларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари ўртасида маҳсулотлар экспортини ташкил қилиш бўйича ҳамкорлик йўқлиги танқид қилинди. Эндиликда агентлик нафақат фитосанитар рухсат олиш, балки қишлоқ хўжалиги экспортини ташкиллаштириш учун ҳам масъул бўлади. Бунинг учун карантин тизими, иш услуби ва ёндашувлари тўлиқ ўзгаради.
Ҳозирда мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспорти чегарада 4 та идора, яъни, божхона, карантин, СЭС ва ветеринария органлари томонидан назорат қилинмоқда. Ваҳоланки, талаб этиладиган барча сертификат ва рухсатномалар тўлиқ рақамлашган, назоратчи ходимлар ҳужжатлар бор-йўқлигини текширади, холос.
Шу боис, чегарадаги барча назорат функциялари Божхона қўмитасига ўтказилиши белгиланди.
Бундан ташқари, икки йил олдин товарларни божхона режимида қайта ишлаш бўйича янги тартиб жорий қилинган эди. Ўтган даврда 254 та корхона ушбу тизимда ишлашни бошлагани натижасида 1,1 миллиард долларлик экспорт бўлди.
Шундан 83 фоизи Андижон, Бухоро, Сирдарё, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги тадбиркорлар ҳисобига тўғри келади. Лекин, Қорақалпоғистон, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразмда бундай экспорт 10 миллион долларга ҳам етмади.
Ушбу ҳудудлар раҳбарлари божхона режимида қайта ишлаш ҳисобидан 500 миллион доллардан экспортни таъминлаши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда экспортнинг 50 фоизи 4 та бозорга – Россия, Хитой, Қозоғистон ва Туркияга тўғри келиши таъкидланди. Улардан ташқари экспортни 1 миллиард долларга чиқариш мумкин бўлган мамлакатлар билан яқиндан ишлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Ёки, экспортнинг асосий қисмини ташкил қиладиган 20 турдаги маҳсулот 1 та бозорга боғлиқ бўлиб қолган.
Экспорт товарларининг учдан бир қисми хомашё бўлиб, ташқи бозорлардаги нарх конъюнктурасига боғлиқ.
Масалан, икки йил олдин мамлакатимиз “GSP+” тизимига қўшилиб, 6 минг 200 турдаги товарларни Европа бозорларига божсиз олиб кириш имконияти яратилди. Лекин ўтган йили ушбу тизимдан тўлиқ фойдаланилмай, 384 турдаги товарлар экспорт қилинди.
Айрим корхоналаримизда халқаро сертификат йўқлиги учун глобал логистика занжирларига қўшила олмаяпти.
Иқтисодиётнинг драйвер соҳаларида халқаро стандартларни жорий қилиш даражаси 35 фоизга ҳам етмайди.
Шу боис, Техник тартибга солиш агентлиги тўлиқ ислоҳ қилиниб, Ҳукумат таркибига ўтказилиши белгиланди.
Умуман, ушбу соҳадаги барча ҳуқуқий жараёнларни талаб даражасига етказиш учун адлия вазири А.Тошқулов масъул этиб белгиланди. Икки ойда соҳани тартибга солмаса, лавозимидан озод этилиб, ушбу агентликка раҳбар этиб тайинланиши ҳақида огоҳлантирилди.
Мутасаддиларга 2024 йилда энг кўп экспорт бўладиган Европадаги 10 та давлат билан миллий сертификатни икки томонлама тан олиш бўйича келишувга эришиш, 1,7 мингта халқаро стандарт ва 19 та техник регламентни қабул қилиш, 1,2 мингта корхонада халқаро сифат тизимларини жорий этиш, сифати кафолатланган маҳсулотлар турини 4 мингтадан 7,5 мингтага етказиш топширилди.
Жорий йилда “GSP+” тизими орқали Европага экспорт қилинадиган товарлар турини 700 тага, ҳажмини 1,2 миллиард долларга етказиш зарурлиги таъкидланди.
Экспортни кредитлашга 200 миллион доллар ресурс берилган. Бундан ташқари, бу йил экспортчиларни қўллаб-қувватлашга 800 миллиард сўм йўналтирилмоқда.
Лекин, Экспорт агентлиги тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан биргаликда бу маблағлардан самарали фойдаланишини таъминлай олмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, экспорт олди молиялаштириш учун имтиёзли шартларда ажратилган ҳар бир долларга ўртача 5 долларлик экспорт тўғри келаяпти. Лекин, электротехникада 2,5 доллар, қишлоқ хўжалигида ва фармацевтикада 3 долларни ташкил қилади.
Ачинарлиси, айрим корхоналарнинг экспорт ҳажми олинган кредитдан кам бўлган бўлса, баъзилари кредит олиб, умуман экспорт қилмаган.
Шунингдек, ўтган йили халқаро стандарт жорий қилиш ва сертификат олиш учун 4,5 миллиард сўм маблағ берилган 31 та корхона экспорт билан шуғулланмаган.
Экспорт агентлиги экспортчиларга ҳақиқий кўмакчи бўлиш ўрнига давлатдан берилган тайёр пулни йўналтирадиган “бухгалтер-кассир”га айланиб қолгани танқид қилинди.
Экспортни кредитлашга 200 миллион доллар ресурс берилган. Бундан ташқари, бу йил экспортчиларни қўллаб-қувватлашга 800 миллиард сўм йўналтирилмоқда.
Лекин, Экспорт агентлиги тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан биргаликда бу маблағлардан самарали фойдаланишини таъминлай олмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, экспорт олди молиялаштириш учун имтиёзли шартларда ажратилган ҳар бир долларга ўртача 5 долларлик экспорт тўғри келаяпти. Лекин, электротехникада 2,5 доллар, қишлоқ хўжалигида ва фармацевтикада 3 долларни ташкил қилади.
Ачинарлиси, айрим корхоналарнинг экспорт ҳажми олинган кредитдан кам бўлган бўлса, баъзилари кредит олиб, умуман экспорт қилмаган.
Шунингдек, ўтган йили халқаро стандарт жорий қилиш ва сертификат олиш учун 4,5 миллиард сўм маблағ берилган 31 та корхона экспорт билан шуғулланмаган.
Экспорт агентлиги экспортчиларга ҳақиқий кўмакчи бўлиш ўрнига давлатдан берилган тайёр пулни йўналтирадиган “бухгалтер-кассир”га айланиб қолгани танқид қилинди.
Айрим элчи ва савдо маслаҳатчилари янги бозорларни топиш, уларга маҳсулотларимизни олиб кириш ҳақида умуман бош қотирмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, ўтган йили 13 та давлатга экспорт камайган.
Охирги икки йилда айрим мамлакатлар томонидан жами 18 та тариф ва нотариф тўсиқлар жорий қилинди. Шунингдек, баъзи давлатлар тайёр трикотаж, мато, кабель, ипак учун юқори бож ставкаларини қўллаяпти.
"Аслида маҳсулотларимизга ҳамкор топиш, экспорт тўсиқларини юмшатиш элчилар ва маслаҳатчиларнинг савдо йўналишидаги энг асосий вазифаси эмасми!" - деди Президент.
Шу муносабат билан барча элчи ва савдо маслаҳатчилари учун алоҳида самарадорлик кўрсаткичлари белгиланиши, ишини эплай олмаган ва KPIни бажармаганлари интизомий жазога тортилиши белгиланди.
Маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга етказишда ишончли логистика занжирларини ташкил қилиш бўйича ўз ечимини кутаётган масалалар таҳлил қилинди.
Масалан, айрим мамлакатларда юк ташишда қўшимча йиғимлар мавжуд, ҳайдовчилар учун виза режими мураккаб, автотранспорт учун вазн талабларини мувофиқлаштириш якунига етказилмаган, портларда экспорт товарларини сақлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган терминаллар йўқ.
Бу масалалар билан лозим даражада шуғулланмаётгани учун транспорт вазири И.Маҳкамов огоҳлантирилди.
Инвестиция вазирлигига логистикадаги муаммоларни ечиш, минтақавий ва йирик халқаро лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича бир қатор топшириқлар берилди.
Стратегик темир йўл коридорларини барпо этиш доирасидаги ишларни фаоллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга хорижий мамлакатларда маҳаллий ташувчиларимиз учун виза режимини соддалаштириш чораларини кўриш топширилди.
Президент инвестиция соҳасидаги устувор вазифаларни белгилаб берди.
Сўнгги олти йилда саноатга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 7 баробар ошди.
Лекин, комплекс, тармоқ ва ҳудуд раҳбарларида ҳар бир доллар инвестиция қанча иш ўрни яратгани, қўшилган қиймат ва экспорт қанчага ошгани борасида таҳлил етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Масалан, мамлакатимизда цементга йиллик эҳтиёжни ортиғи билан қоплай оладиган ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилган.
Лекин, мутасаддилар цементдан юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни кўпайтириш, экологияга зарарли таъсирни камайтирувчи технологияларни жорий қилиш ўрнига яна 22 та цемент заводи қуриш таклифини бераётгани ажабланарли.
Ёки сўнгги уч йилда четдан 14,2 миллиард долларлик асбоб-ускуналар олиб келинди. Лекин, шунча технология киритилаётгани билан ҳудудларнинг саноат экспорти шунга мутаносиб ошмаган.
"Шунча маблағ ҳисобига саноат ва экспорт ўсмаяпти-ми, демак ё лойиҳа “шиширилган”, ё кераксиз ускуна олиб келинган, ёки бу технологияларни ишлатишни биладиган мутахассис йўқ" - деди давлат раҳбари.
Бош прокуратурага четдан карра-карра қиммат нархда кираётган ускуналарни аниқлаш ва бунга чек қўйиш бўйича назорат тизимини яратиш топширилди.
Йиғилишда қатор ҳудуд ва тармоқларда ишга туширилган корхоналар ва ускуналар экспорт натижасига таъсир кўрсатмаганига аниқ мисоллар келтирилди.
Лойиҳалар самарадорлиги устидан етарли назорат олиб борилмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Эндиликда ҳар бир вазир ўринбосари, бошқарма бошлиғи ва вазирлик ходимига корхоналарда иш ўрни яратиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар жорий этилиши белгиланди.
Электротехника, қурилиш материаллари, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, чарм, парранда, заргарлик, ипак, мебель тармоқларида ишламаётган корхоналар, бекор турган ускуналарни тўлиқ қувватда ишлашига кўмаклашиш муҳим экани таъкидланди.
Ўтган йили 5 та - балиқчилик, паррандачилик, заргарлик, асаларичилик, ипакчилик тармоқларида хорижий инвестицияни жалб қилиш ишлари энг суст даражада бўлгани кўрсатиб ўтилди.
Хорижий инвестициялар ҳажми 2023 йилда 1,6 баробар ўсган бўлса-да, энг катта салоҳиятга эга Самарқанд ва Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич имкониятга яраша бўлмади.
Шунингдек, 12 та туман ва шаҳарда ўзлаштирилган жами инвестициялар ўтган йилга нисбатан камайган.
Ёки, 6 та туман ва шаҳарда ўзлаштирилган инвестиция 10 миллион долларга ҳам етмаган.
Масалан, Шофиркон, Янгиобод, Нуробод, Пахтачи, Фурқат ва Хива тумани ҳокимларига консалтинг компаниялар томонидан 800 миллион долларлик 241 та тайёр инвестиция лойиҳа таклифлари ишлаб берилган бўлса-да, ҳокимлар тайёр лойиҳаларга ҳам инвестор топмаган.
Бош вазирга ушбу камчиликлар қайд этилган 18 та туман ва шаҳар ҳокимларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.
Айрим раҳбарларнинг хорижий давлатларга бориб, инвестиция жалб қилиш бўйича ишлари кутилган натижасини бермаётгани қайд этилди.
Масалан, Фарғона вилояти ҳокими 2022 йилда Япония ва Германияга, 2023 йилда Корея ва Хитойга бориб 1,8 миллиард долларлик 42 та лойиҳа бўйича келишувга эришган.
Лекин, бир йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, 1,5 миллиард долларлик 39 та лойиҳа бўйича ҳали иш бошланмаган.
Шу каби, Сирдарё вилояти ҳокими охирги 2 йилда Корея ва Хитойга бориб, бор йўғи 180 миллион долларлик 17 та лойиҳа бўйича шартнома қилган. Шундан ҳозирда 6 та лойиҳадаги ишлар тўхтаб қолган.
Ташрифларда ҳокимлар миллиард-миллиард долларлик лойиҳа таклифларини хорижий ҳамкорлар билан ишлаб чиқиб, уларни дастурга киритган бўлишига қарамай, лойиҳани юргизиш масаласини ўз ҳолига ташлаб қўйган.
Шу боис, бу лойиҳалар билан Инвестиция вазирлигининг ўзи шуғулланиши белгиланди.
Инвестиция вазирига тармоқ раҳбарлари билан бирга 41 та лойиҳа бўйича барча ҳисоб-китобларни қилиб, лойиҳа олди ҳужжатларини ишлаб чиқиб, хорижий инвесторлар ва молия институтларига тақдимот қилиш ва амалий ишларни бошлаш топширилди.
Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ҳам фақат форумлар ўтказиш билан чекланиб қолгани танқид қилинди.
Агентликнинг туманлар кесимида инвестицион харитаси ҳам йўқ.
Агентлик раҳбари М.Мирзаевни эгаллаб турган лавозимидан озод этишга кўрсатма берилди.
Бош вазир ўринбосари Ж.Ходжаевга ҳар бир ҳудуд ва тармоқдаги ўтган йилги қолоқликларни ҳисобга олган ҳолда янгиланган инвестиция дастурини киритиш топширилди.
Инвестиция вазирининг 3 та ўринбосари хорижий инвестиция кўп талаб қиладиган тармоқларга, соғлиқни сақлаш ва транспорт соҳаларига инвестиция жалб қилиш учун масъул этиб бириктирилди.
Йиғилишда комплекс раҳбарияти, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари 38 миллиард долларлик, бунга қўшимча Энергетика вазирлиги 15 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш бўйича режаларини баён қилди.
Халқаро молия ташкилотлари ҳисобидан амалга оширилаётган баъзи лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмагани ва тендер ўтказилмаганлиги учун маблағлар ишлатилмай қолмоқда.
Давлат кафолати остида маблағ жалб қилинган айрим лойиҳаларда кечикиш, қўшиб ёзиш ва маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари ҳам бор.
Мутасаддиларга халқаро молия институтлари билан ишлаш тизимини тубдан ўзгартириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Бунда лойиҳалар танлашдан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади, техник-иқтисодий асослар молия институтлари стандартлари билан уйғунлаштирилади, тендер жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади ва таклифларни баҳолаш муддати 1 ойдан оширилмайди, молия институтлари билан ишлайдиган мутахассислар учун ўқув курслари ташкил этилади.
Шунингдек, хусусий шерикликни ривожлантириш, хориждаги ташкилотлардан грантлар жалб қилишни фаоллаштириш, шу жумладан элчиларнинг бу борадаги фаоллиги ва масъулиятини ошириш зарурлиги қайд этилди.
Президент саноатда ишлаб чиқаришни кўпайтириш масалаларига тўхталди.
Ўтган йили айрим корхоналарда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми камайгани қайд этилди.
Нукус, Жиззах, Бекобод шаҳарлари, Шароф Рашидов, Деҳқонобод, Учқўрғон, Урганч туманларида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўсиш бўлмагани муносабати билан Бош вазирга ушбу 7 та ҳудуд ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.
Ҳудудий саноатни ривожлантириш учун 24 та махсус иқтисодий ҳудуд ташкил қилинган. Уларга соддалашган тартибда ер ажратилади, солиқдан имтиёзлар бор.
Лекин айрим ҳудуд раҳбарлари буни суистеъмол қилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, республика бўйича инфратузилмаси бор 800 гектар махсус иқтисодий ҳудудларнинг ери бўш бўла туриб, ҳокимлар уларнинг ҳудудини кенгайтириш бўйича мурожаат қилмоқда.
Эндиликда ҳокимлар махсус иқтисодий ҳудудлардаги барча ерларни тўлиқ ўзлаштирмай туриб, уни майдонларини кенгайтириш бўйича ташаббус билан чиқиши ман этилади.
Саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлаш ҳолати таҳлил қилинди.
Ўтган йили бунга бюджетдан ажратилган маблағнинг 30 фоиздан зиёди инфратузилмага масъул корхоналар, айниқса, ҳудудий электр тармоқлари лойиҳалар бўйича ишларни ўз вақтида амалга оширмагани ҳамда молиялаштиришдаги кечикишлар оқибатида ишлатилмай қолган.
Давлатимиз раҳбари ҳудудлардаги шу каби камчиликларни аниқ мисоллар билан кўрсатиб, инфратузилма учун масъул мутасаддилар ва ҳокимларнинг қурилиш бўйича ўринбосарларини қаттиқ огоҳлантирди.
Умуман, саноат зоналарини ривожлантириш бўйича янги тажриба амалга оширилиши белгиланди.
Хусусан, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятидаги махсус саноат зоналарининг 240 гектар майдони хорижий компанияларга аутсорсинг асосида бошқарувга берилади.
Жорий йилда махсус иқтисодий ҳудудларда 309 та йирик лойиҳаларни ишга тушириб, 40 мингта иш жойи яратиш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш муҳимлиги қайд этилди.
Йиғилишда ўтган йили хомашё, материал ва тайёр маҳсулотларнинг ташқи савдо динамикаси таҳлил қилинди.
Мавжуд ресурслар, айниқса, озиқ-овқат саноатидаги имкониятларимизни ишга солиб, ички бозорни тўлдириш учун салоҳият юқорилигига қарамай, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми ўтган йили Сурхондарёда 16 фоиз, Андижонда 21 фоиз, Жиззахда 3 фоизга камайгани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, Қорақалпоғистон, Хоразм, Навоий ва Самарқандда ишлаб чиқарилган макарон маҳсулотлари ҳажми ҳудудий эҳтиёжни ярмини ҳам қопламайди.
Мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан биргаликда 25 турдаги озиқ-овқатни ўзимизда ишлаб чиқаришни бошлаш топширилди. Бу корхоналарда халқаро стандартлар жорий этилади, уларга хориждан малакали технолог ва маркетологлар жалб қилинади.
Шунингдек, масъулларга хорижий брендлар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш топширилди.
Вазирлар Маҳкамаси олдига ҳудудларда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш дастурини қабул қилиш вазифаси қўйилди.
Худди шундай чарм саноатида ҳам маҳаллийлаштиришни кўпайтириш имкониятлари кўрсатиб берилди.
Тармоқ масъулларига ҳудудларда камида 2 миллиард долларлик лойиҳа пакетини шакллантириш, автомобиллар учун ўриндиқ жилдлари, сунъий чармдан спорт жиҳозлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тоширилди. Чорвачилик кластерида теридан тўлиқ тайёр маҳсулот чиқарадиган корхоналарни ишга тушириш зарурлиги қайд этилди.
Маҳаллийлаштиришда фақат товарлар эмас, хизматлар бўйича ҳам катта имкониятлар бор.
Масалан, охирги беш йилда 9 та энергетика, нефт-газ ва металлургия лойиҳалари ишга тушди. Келгуси йилларда “Мустақиллик – 25” лойиҳаси, 30 га яқин мобиль компрессор станциялари ва 6 та буғ-газ қурилмаларини фойдаланишга топшириш мўлжалланган.
Бу каби объектлардаги юқори технологик ускуналарни эксплуатация қилиш ва таъмирлаш бўйича малакали хизматларга талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда. Кимё, металлургия корхоналари, йирик насос станциялари ва ГЭСларда ҳам бундай хизматларга талаб юқори.
Шуни инобатга олиб, Вазирлар Маҳкамаси ва тармоқ раҳбарларига биргаликда йирик корхоналарга сервис кўрсатишда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш дастурини бошлаш топширилди. Дастурда кадрларни ўқитиш, сервисга лицензия олиш, бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш бўйича аниқ тадбирларни белгилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Айни пайтда йиғилишда инвестиция комплекси ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти тингланмоқда.
Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/3705