20 Сентябр 2024 йил 632

Пойтахтимизда гиёҳвандликка қарши курашиш ойлигига старт берилди

Тошкент шаҳрида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари туну кун хизмат олиб бормоқда. Ички ишлар органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий Гвардия, прокуратура, суд идоралари томонидан психотроп моддалар, гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Лекин афсуски, бу турдаги жиноят камайгани йўқ.


Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан гиёҳвандликка қарши олиб борилган чора-тадбирлар натижасида пойтахтда жорий йилнинг 8 ойи давомида аниқланган бу турдаги жиноятлар юзасидан 1 992 та жиноят ишлари қўзғатилган. Тадбирлар натижасида 195 кг 765 грамм гиёҳвандлик, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштирилиб, ноқонуний муомаласига чек қўйилди.


Бу турдаги жиноятларга кескин курашиш мақсадида, 2024 йилнинг 20 сентябрь кунидан 20 октябрь кунига қадар Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ойлиги ўтказилади.


Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган йиғилишда ушбу ойлик доирасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди. Ушбу йиғилишда пойтахт ИИББ бошлиғи, ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси, Миллий Гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси, шаҳар прокуратура ва суд раҳбарияти, туман ИИО ФМБ раҳбарлари ва соҳавий хизмат масъуллари иштирок этди.  


Сўзга чиққан пойтахт ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов ойлик доирасида туну кун хизмат ташкил этилиши, кундузги ва тунги махсус гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиши ҳамда ҳар бир ходим ўз ишига масъулият билан ёндашиши лозимлигини таъкидлади.


Шу билан бирга, ойлик доирасида наркограффити ёзувларини ўчириш, ушбу ёзувларни чизиб кетувчи шахсларни аниқлаш ва уларга чора кўриш, гиёҳвандлик воситаларини тарқатувчи шахсларни ("закладчик") ҳамда уларни олиб кетувчиларни аниқлаш, ҳар бир ҳолат юзасидан қонуний қарор қабул қилинишини таъминлаш вазифалари юклатилди.


Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари! Сиз ҳам ушбу ойлик доирасида фаол иштирок этишингизни сўраймиз. Гиёҳвандлик моддалари ёки кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тарқатиш билан шуғулланувчилар, шунингдек наркограффити ёзувларини ёзиб кетувчи шахслар ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, ҳудудий профилактика инспекторига, яқин орадаги ИИБга ёки @murojaat_narko2024 телеграм аккаунти орқали мурожаат қилишингиз мумкин.


Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Барча янгиликлар

Text to speech