... ўйлаб гапир, деган ибора жуда тўғри айтилган. Тилга эрк бериш орқали баъзан инсоннинг ўзи ўз оёғига болта уради. Ортидан пушаймонлик, аммо кеч қилинган пушаймонлик, афсус-надомат келади. Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди очиқ суд мажлисида 2000 йилда туғилган Л.Шаҳриёрнинг қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топди. Суд айбдорнинг жабрланувчи билан ярашганлиги, муқаддам судланмаганлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, 4 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди. Воқеа эса бундай бўлганди.
Шаҳриёр 2022 йилнинг 19 май куни ўзи ишлаётган масъулияти чекланган жамиятга келади. Жамият ҳовлисидаги сочилиб ётган темир бўлакларини йиғиштириб, уларни саралаётган вақтида соат 16.00 ларга яқинлашган эди. Шу чоғ бирга ишловчи Нодир келиб:
— Ҳа, ўмариб кетиш учун тайёрлаб қўйяпсанми?, – деб кесатади.
— Қачон кўрдинг ўғирлик қилганимни? Ўғирликда сендан ўтадигани бўлмаса керак ўзи.
— Эй, оғзингга қараб гапир!
Кесатиқ ва бир-бирларини ўғирликда айблов билан бошланган суҳбат тез орада жанжалга айланди. Нодир ўзини тутолмай Шаҳриёрга мушт туширди, гандираклаб йиқилган Шаҳриёрни дўппослаб кетди. Унинг муштидан аранг қутулган Шаҳриёр қочди. Нодир рақибини қочиб кетди, деб ўйлаб, уст-бошини қоқиб, ўзини тартибга келтира бошлади. Бироқ Шаҳриёр калтак еганига аламзадалиги учун Нодирдан ўч олиш мақсадида, қўлига темир бўлагини олиб Нодир томонга ирғитди. Темир бўлаги бошига тегиб у йиқилди. Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси Нодир олган жароҳатларни соғлиғи учун оғир, деб қайд этди.
— Аслида ҳеч ким ҳеч кимни асоссиз бирон жиноятда, қоидабузарликда айблашга ҳақли эмас, – дейди Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, майор Нурулло Душаев. – Агар шахс жиноят аломатларини аниқласа ёки гувоҳи бўлса, бу ҳақда тегишли органларга хабар бермоғи лозим. Зотан, бугун барча мутасадди ташкилот ва органларнинг ишонч телефонлари мавжуд ва унга қўнғироқ қилиб қонунбузарликлар ҳақида хабар берган фуқаронинг шахсияти сир тутилиши кафолатланган.