28 Октябр 2024 йил 1349

Ойлик якуни бўйича ҳисобот

Тошкент шаҳри ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйиш ва унга қарши курашиш, ёшлар орасида ушбу иллатни кенг тарқалишини олдини олиш  мақсадида, Тошкент шаҳар ИИББ, ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси, шаҳар прокуратураси ва Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда жорий йилнинг 20 сентябрь кунидан – 20 октябрь кунига қадар кенг қамровли “Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш” ойлиги ўтказилди.

Мазкур ойлик доирасида тадбирга жалб қилинган ходимлар томонидан

2 босқичда тезкор-қидирув ва профилактик тадбирлар ўтказилди.

Тадбир давомида, ташкил этилган гуруҳлар томонидан жами 767 та гиёҳвандлик моддалари ва кучли таъсир қилувчи воситаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.

Хусусан, тадбир давомида аниқланган ҳолатлар юзасидан жами 

516 нафар шахсларга нисбатан 513 та жиноят ишлари қўзғатилди ҳамда 201 та ҳолатда маъмурий тартибда (МЖтКнинг 56-моддаси) чоралар кўрилди, қолган 53 та ҳолатлар бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жами 58 кг 824,4 гр ноқонуний гиёҳвандлик моддалари ва 9 186 та кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний муомаладан олиб қўйилди.

Мисол учун, жорий йил 26 сентябрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида, 1995 йилда туғилган Е.А. ва 1991 йилда туғилган Р.А.лар яшаш манзилида синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш учун нарколаборатория ташкил қилганлиги аниқланди. Мазкур лабораторияни кўздан кечириш давомида, 6 кг 470,15 гр гиёҳванд моддалар, 345 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда 3 дона электрон тарози ҳужжатлаштириб олинди.

Бундан ташқари, шаҳар ҳудудида ижтимоий тармоқлар орқали синтетик наркотикларнинг савдоси билан шуғулланувчи интернет дўконлари, уларнинг администратор ва операторлари, “кладменлар” ва “закладчиклар”ни аниқлаш ва фаолиятига чек қўйиш борасида ҳам бир қатор тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди.

Тадбир давомида, 306 та гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан тарқатиш (“закладчиклар”) билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, жами 20 кг 90,92 гр ноқонуний гиёҳвандлик моддалари ҳамда 327 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинди.

Мисол учун, жорий йил 4 октябрь куни, Миробод, Чилонзор туманлари ва Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, 1999 йилда туғилган А.Н. синтетик гиёҳвандлик воситаларини синтез йўли билан тайёрлаши маълум бўлди. Унинг яшаш хонадонида 4 кг ва ижарага олган Яшнобод туманидаги хонадондан 5 кг синтетик гиёҳвандлик воситалари ва қўшимча кимёвий воситалар аниқланиб, ашёвий далиллар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди. Тахминий чакана нархи 3 млрд 600 млн сўмга тенг бўлган 9 кг синтетик гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаладан олинди. 

Шу билан бирга, гиёҳвандлик ва психотроп моддалари билан шуғулланувчи интернет дўконларнинг рекламаси акс этган жами 597 та “наркограффити”лар аниқланиб, барчаси бартараф қилинди.


Гиёҳванд моддалар ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларига ружу қўйган 248 нафар шахслар мажбурий ва 404 нафари ихтиёрий даволанишга ётқизилди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида, аҳоли, айниқса ёшлар орасида гиёҳванд моддалари ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида, таълим муассасалари ва жамоат жойларида аҳоли билан 70 мингга яқин кенг қамровли профилактик тадбирлар ўтказилди. 

Бундан ташқари, тадбирни аҳолига етказиш мақсадида, 3 838 маротаба оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда видеоматериаллар кенг ёритиб борилди,  520 966 та буклет ва флаерлар тарқатилди ҳамда баннерлар жойлаштирилди.


Барча янгиликлар

Text to speech