23 Август 2024 йил 1845

Ўриндиқда унутиб қолдирилган телефон эгасига қайтарилди

Ички ишлар органи ходими бўлиш жамиятда тартиб-интизомни таъминловчи, адолатни тиклайдиган тизимнинг бир бўлаги бўлиш демакдир. Айниқса пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари томонидан ички ишлар раҳбариятига ходимлар меҳнати учун миннатдорчилик сўзлари билан мурожаат қилишлари жуда илҳомлантиради.

Мисол учун, куни кеча ходимларимиз фаолияти ҳақида миннатдорчилик мактубини олдик:

“Мен Тошкент шаҳар ИИББ ППХ ходими Ирлан Байсеитов ва унинг ҳамкасбига (афсуски, унинг тўлиқ маълумотларини билмайман) тезкор ёрдам кўрсатганлари учун чин дилдан миннатдорчилик билдирмоқчиман. Жорий йилнинг 17 август куни соат 23:00 лар атрофида эрим ва тўрт ойлик қизимиз билан Le Grande Plaza Hotel меҳмонхонаси яқинидаги боғда сайр қилаётганимизда телефонимизни ўриндиқда унутиб қолдирдик. Буни фақат 7-8 дақиқа ўтганидан сўнг пайқадик. Қўнғироқ қилганимизда телефон ўчиқ эди. Қолдириб кетилган жойда ҳам йўқ экан. Бироқ телефонимиз iPhone бўлганлиги сабабли, биз бошқа қурилма орқали уни қаердалигини аниқладик ва зудлик билан яқин орадаги ППХ ходимларига мурожаат қилдик. Ходимларнинг қатъияти ва тезкор ҳаракатлари мени ҳайратда қолдирди. Бир неча дақиқада улар шубҳали шахсларни аниқлаб, йўқолган телефонни топдилар!

Ирлан ва унинг ҳамкасбига энг яхши тилакларимни билдираман! Бундай ходимлар сони кўпаяверсин. Барчангизга катта раҳмат!

Ҳурмат билан Лемара М."

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун туман ИИО ФМБга юборилганлигини маълум қиламиз.

Биз ҳам М.Лемарага илиқ сўзлари учун миннатдорчилик билдирамиз!

Барча янгиликлар

Text to speech