10 Май 2024 йил 869

Орзулар сари

Ҳар бир идоранинг иш фаолияти келди-кетди хат, қоғозларнинг  “ўчоғи” бўлмиш Котибиятдан бошланади. Ҳар бир ҳужжат у  юқори турувчи идораникими, ташкилот, корхонаникими, фуқароникими биринчи навбатда раҳбариятга киради. Кейинги босқич эса унинг ижросини  кечиктирмай қонун доирасида таъминлаш. Бу ўринда Котибият ходимларининг ўз ишларини аниқ ва тўғри бажариши  катта аҳамият касб этади. Ҳужжатларнинг ижро муддатларини назоратга олиш, ижрочига етказиш, ижро натижаларидан уларни хабардор этиш тўхтовсиз ва доимий жараёндир.


Бектемир тумани ИИБ Котибиятида ёлланма ходим бўлиб иш бошлаган  Бахтия Содиқова иш жараёнига тезда киришиб кета олмади. Бироқ тиришқоқлиги ва  зийраклиги сабаб устозлари – таҳлилий бўлим бошлиғи, подполковник Фахриддин Эгамбердиев, Котибият бошлиғи, сержант Зулфия Бахтиева, катта иш юритувчи, сафдор Жадгерова Айгулларнинг маслаҳати ва йўл-йўриқларига амал қилиб, зарур кўникмаларни ҳосил қилди. Орадан бир йил ўтиб,  соҳанинг сир-асрорларини ўзлаштирган, ишлаш жараёнида  касбига меҳр қўйган Бахтия туман ИИБ Котибиятининг катта иш юритувчиси лавозимига тайинланиб, сафдор унвони берилди.


Ҳар бир касбнинг ўзига яраша қийинчиликлари, машаққатлари бор. Лекин инсон уларни енгиб ўтишни ўз олдига мақсад қилиб қўйса, албатта унга эришади,- дейди суҳбатда Бахтия. – Туманимизда  саноат корхоналари талайгина. Айтарли,  ҳар куни ўнлаб мурожаатлар, сўровномаларни қайд этамиз. Уларнинг ижроларини таҳлилий бўлим ходимлари билан биргаликда  назорат қилиб борамиз. Ҳар бир ҳужжат ортида инсон, юртимиз равнақи, ривожланиши учун  ҳаракат туради. Эҳтимол айримлар учун ишимиз осондек туюлар. Бироқ  кўзга кўринмасдек туюлган бу иш катта масъулият ва эътиборни  тақозо  этади.


Ойлик, чорак ва йиллик ҳисоботларни муддатида тайёрлаш, хатога йўл қўймаслик, тўғри таснифлаш диққат ва жавобгарликни талаб қилади.  Баъзан ишда узоқ вақт қолиб кетишга, байрам, дам олиш кунлари ҳам ишлашга тўғри келади. Бахтиянинг турмуш ўртоғи ҳам шу соҳа вакили бўлганлиги боис бу ҳолатларни  тўғри тушунади. Турмуш ўртоғининг хайрихоҳлиги, қўллаб-қувватлаши  туфайли, Бахтия янада юқори марраларни забт этиш ва олий маълумотли бўлиш мақсадида Республика ИИВ Академиясига ҳужжат топширди. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган Бахтия ҳозир 2-босқичда ўқишни иш билан бирга олиб бормоқда. Келгусида унинг орзулари бисёр. Билимга, ўқиб ўрганишга чанқоқ бу аёлнинг албатта, орзуларига етишишига шубҳа йўқ.

Барча янгиликлар

Text to speech