28 Июн 2024 йил 1275

Ориятли инсонларга таъзим

Ёш бўлишига қарамай, хизматнинг сир-асрорларини ўрганиб, Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академиясида олган билимларини амалда муваффақиятли қўллаб келаётган Мудассарнинг иш бошлаганига кўп бўлгани йўқ. 2023 йили юқоридаги билим даргоҳини битириб, пойтахтнинг Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида иш бошлаган  лейтенант Мудассар Муҳаммадиев катта профилактика инспектори, катта лейтенант  Жасур Раҳмоновни ўз устози деб билади. Устозининг фуқаролар билан муомаласи, уларнинг мурожаатларига  муносабати,  иш юритиши, маҳалла фаоллари,  ҳудудда жойлашган идора ва ташкилотлар билан ҳамкорлиги, ҳар бир мурожаатга вақт топиши, муаммоларни  қонуний ҳал этишдаги  хатти-ҳаракатларини ўрганган шогирд, бугун бемалол ўзи мана шу вазифаларни аъло даражада бажариб келмоқда.

– Ҳудудимизда ичувчи-жанжалкаш оилалар деярли йўқ, – дейди М.Муҳаммадиев. – Саккиз нафар тарбияси оғир деб топилиб, “Қизил тоифа”га киритилган ўсмирларимиз бор. Улар қизиқишларига қараб турли спорт тўгаракларига жалб этилган. Ҳафтасига  хабар олиниб,  ҳулқи, юриш-туриши ўрганилиб, тегишли суҳбатлар ўтказиб борилмоқда.  Ёшлар  етакчилари билан ҳамкорликда моддий қийналиб қолган  беш нафар олийгоҳларда таълим олувчи ёшларимизнинг шартнома пулларини тўлаб беришга эришдик.

М.Муҳаммадиев хизмат кўрсатаётган ҳудудда судланганлар деярли йўқ ҳисоб. Ҳудуд аҳолиси асосан меҳнаткаш, тинчликсевар, аҳил-иноқ, аксарияти иш билан банд. Бу эса ҳудуд аҳолисининг ориятли эканлигидан дарак беради. Қуйида Мудассар баён қилган воқеа фикримизни  тасдиқлайди. 

– Бу хонадонга кириб борганимда, нозиккина қизнинг елкасида шундай залворли юк турганини кўриб таъсирланиб кетдим, – дейди лейтенант Мудассар Муҳаммадиев. – Ота-онаси ногирон, яна икки укаси ногирон. Уларни  парваришлаш, уй-рўзғорни тебратиш ана шу қизнинг елкасида. Аммо дардини кўчага ошкор қилмагани унинг қанчалар номусли ва ҳамияти кучли эканлигидан далолат беради. Ҳалол меҳнати билан уларни  парваришлаб келаётган бу қизнинг иродаси, бардошига  қойил қолдим.  Аҳволни ўрганиб, сайёр қабулга ёздириб, уйига иссиқлиқ мосламаси ўрнатиб беришга эришдик. Бундан ташқари  озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда моддий пул ажратилди. Ҳар ой хабар олиш йўлга қўйилиб, маҳалла  фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда ижтимоий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Ҳамюртлари ташвишига бефарқ бўлмаган, бириктирилган ҳудудда тинчлик-осойишталикни сақлаш, фуқароларнинг  меҳнат қилиши, ўқиши, хотиржам яшаши учун сидқидилдан хизмат қилиб келаётган Мудассар Муҳаммадиев каби шижоатли ёшлар сафимизда кўпаяверсин.

Барча янгиликлар

Text to speech