17 Июл 2024 йил 1179

Ўргатишдан ўрганишгача

2016 йили Ўзбекистон Миллий университетини муваффақиятли тугатган  Фирдавс Мирзаев илк иш фаолиятини пойтахт мактабларидан бирида муаллимликдан бошлади. Ёшлигидан ички ишлар идораларида хизмат қилиш орзусида бўлган Фирдавс йиллар ўтса-да, ўз орзусидан воз кеча олмади. Ниҳоят, узоқ йиллардан буён мактабда болажонларга билим бериб келаётган онасига бу ҳақда айтганида, Муҳайё опа дадаси Анвар ака билан маслаҳатлашиб кўришини билдирди. Касби муҳандис бўлган, кўп йиллардан бери энергетика соҳасида ҳалол меҳнат қилаётган Анвар ака:

– Мен сенинг изингдан борган десам, орзуси бошқа экан-да! Шунча йиллар бизнинг кўнглимизга қараб келибди-ю, биз бир оғиз истаги билан қизиқмабмиз,– дея хўрсиниб қўйди.

Ота-онасининг розилигини олган Фирдавс 2022 йилнинг декабрида пойтахт ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси кичик мутахассиси лавозимига қабул қилинди. Мактабда ўқувчиларга сабоқ бериб келган Фирдавс энди ўзи устозларидан сабоқ ола бошлади. Билимга, изланишга чанқоқлиги, болаларнинг қалбига йўл топа олиш, муомала қилиш, одоб-ахлоқ қоидаларини пухта эгаллаганлиги янги соҳасини ўзлаштириш, кўникма ҳосил қилишда асқотди.

Ёш ходим хизматнинг сир-асрорларини сабр ва хушфеъллик билан ўргатган устозлари подполковниклар, бўлим бошлиғи Сарвар Раҳматуллаев, етакчи мутахассис Бахтиёрхўжа Носирхўжаевлар ҳақида чуқур миннатдорлик ва самимий ҳурмат билан гапиради.

– Менинг омадим бор экан, шундай ўз касбларининг фидойилари, катта тажрибага эга инсонлар менга устозлик қилдилар, – дейди сафдор Фирдавс Мирзаев. – Уларнинг ўгит ва маслаҳатларига амал қилиб келмоқдаман. Бироқ ҳали сўраб ўрганадиган  нарсаларим кўп.

Бугунги кунда Фирдавс жисмоний имкониятлари чекланган, ўзгалар кўмагига муҳтож, маълум сабабларга кўра бошқармага кела олмайдиган шахсларга ID карталарини расмийлаштириш борасида ташкил этилган сайёр  хизмат кўрсатиш гуруҳида ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб келмоқда.  Шунингдек, хорижга чиқиш истагидаги фуқароларга тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ишларида зиммасига юкланган хизмат вазифаларини виждонан, ҳалол адо этмоқда. Мазкур соҳада тажриба орттириб, келгусида устозлари каби ўзи ҳам шогирд етиштиришига шубҳа йўқ.

Барча янгиликлар

Text to speech