16 Январ 2025 йил 184

Ўқув ҳам уқув ҳам керак

Ўқимаган одамдан кўп ютуқларни талаб қилиб бўлмайди. Гоҳо уларнинг айрим хатоларини шу сўз билан кечириб ҳам юбориш мумкин. Чунки, халқимиз азалдан билимли, зиёли, оддий тилда айтар бўлсак, ҳатто олий маълумотли бўлмаса-да, кўп китоб ўқиганларни жуда ҳурмат қилишган. Ёш бўлса-да, уларнинг гапларига қулоқ осишган. Отабек олий маълумотли. Ўқимаганларнинг унга ҳаваси келади. Оқ-қорани таниган, чинни ёлғондан ажрата билади, деб ўйлашади. Бироқ одамнинг оласи ичида, деганларидек, унинг ўзи ёлғонни чиндек гапирса, қойил қолмай илож йўқ. 2021 йилнинг ноябрь ойининг бошларида у Чилонзор туманида жойлашган гўзаллик салони олдида аввалдан таниш бўлган С.Иродани учратиб қолди. Гап гапга уланиб, Ироданинг ўзига тўқ эканлиги, унча-мунча пулни пул демаслигини илғаган Отабек, албатта қайтаришини айтиб, қарзга 2 000 АҚШ доллари сўради. Аслида илгарилари эркак кишининг аёл кишидан қарз сўраши уятли эди, бугунги кунда эса бу одатий ҳолдек қабул қилинади, афсуски. Аввалдан ўзини прокуратура ходими деб таништирган Отабекка ишонган Ирода ўз ўрнида йўл ёқасида турган “Nissan Tiida” автомашинасини кўрсатар экан, ҳарчанд уринмасин уни сота олмаётгани, шу савилни сотишга ёрдам беришини сўради. 23 ноябрда таниши Олимнинг автомашина сотиб олмоқчи эканлигидан хабар топган Отабек, унга 15 000 АҚШ долларига Ироданинг автомашинасини харид қилишини таклиф этди. Олдиндан тўлов сифатида 1 000 АҚШ доллари олди.

– Биридан 2 000, иккинчисидан 1 000 АҚШ долларини олган Отабек шу кетганча сувга тушган тошдек дом-дараксиз кетди, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Шоҳзодбек Давирбоев. – Бу ёғи умумий сценарий бўйича давом этади. Телефон ўчирилади, қўнғироқлар жавобсиз қолади, яшаш жойидан топилмайди. Охир-оқибат жабрдийдалар ички ишлар органларига мурожаат қилишади.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди очиқ суд мажлисида М.Отабекнинг қилмишини кўриб чиқди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Жазо тайинлашда унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, муқаддам судланмаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги каби жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олинди. Суд томонидан М.Отабек ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил 18 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.

Барча янгиликлар

Text to speech