31 Октябр 2024 йил 431

Олифтагарчиликни эплолмади

Кимдир яшаш учун овқатланади, кимдир овқатланиш учун яшаши ҳақидаги машойихларнинг қайдлари кўпчиликка таниш. Емакнинг ҳалол бўлиши, кам-кам ейишлик саломатликнинг гарови ҳақида ҳам. Бироқ қарзга, гаров эвазига овқатланиш ҳақида эшитмаган бўлсангиз керак. Камига туҳмат қилишдек жирканч қилмиш асло оқлаб бўлмайдиган ҳолат. Фарруҳ оилали, бир нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси. Ёлланма меҳнат билан шуғулланади. Омади чопса, кўпроқ пул топиши мумкин. Баъзан ҳеч нарса топмаслиги ҳам мумкин. Ботир билан баъзан шерикликда ишлайди. Омади чопиб иккови уч кунлик иш олишди. Ғайрат қилиб уни икки кунда бажаришиб  пулни олишаркан, Фарруҳ Ботирга: ”бир тунги клубга бормаймизми? Тўғриси сира ҳам бормаганман. Кел, бир ёшликда ўйнаб қолайлик”, дея таклиф берди.

— Мен оғир меҳнат қилиб топганимни қанақангидир тунги клубга сарф қилишни хоҳламайман. Ундан кўра  уйимга рўзғор қиламан, – деди қатъий Ботир. Бир ўзи нотаниш жойга сўппайиб кириб боришни ўзига эп билмаган Фарруҳ:

— Мен сени меҳмон қиламан, менга шерик бўлсанг бўлгани, – дея Ботирнинг ҳоли-жонига қўймади.

Улар тунги учларга яқин Учтепа туманида жойлашган тунги клубларнинг бирига ташриф буюришди. Ботирнинг огоҳлантиришига қарамай, Фарруҳ ўзи билган-билмаган таомлар, ичимликларга буюртмалар бера бошлади. Тунги клуб деганлари Ботирга ёқмади ва у узрини сўраб, кетишга чоғланди. Фарруҳ эса яна таом ва ичимликлар буюрди. Тун тонгга уланар маҳал, ҳисоб-китоб қилиш мавриди етганда ҳисобни кўриб, Фарруҳнинг кўзи қинидан чиқиб кетай деди. Ҳисоб қоғозига 1 миллион 200 минг сўм ёзилганди. Унинг кўз олди хиралашиб, йиқилиб тушишига оз қолди. Устки кийимидаги барча чўнтакларни титсада бунча пул чиқмади. Официант эса “олифтагарчилик шунақа бўлади”, дегандек масхараомуз унга қараб турар, пул беришини сабрсизлик билан кутарди. Ер ёрилса-ю Фарруҳ ерга кириб кетса... У қўлидаги “Redmi” уяли телефонини гаровга қўйиб, пулни олиб келиб беришга клуб ходимини аранг кўндирди. Шовқин-сурон, мусиқа, турли-туман ўткир ва ғалати ҳидлардан қутулиб кўчага чиққан Фарруҳнинг ҳуши ўзига келди ва нима қилиб қўйганини, уйда хотинига нима деб жавоб беришини, бирор нарса илинжида югуриб қаршисига пешвоз чиқадиган  ўғлининг кўзига қандай қарашини ўйлаб кўз олди қоронғилашиб кетди. Шунча пулни қаердан олади, ўзи зўрға етишган янги телефонини  гаровга бергани-чи?! Эҳ, шунақанги ҳам аҳмоқ бўладими?! Бир ярим ойга етадиган  рўзғор пули  икки соатлик кайфу сафосига етмаса-я... Икки кун бетон қориб, эзилиб ишлаганига алам-алам... Пулига куйган, қалампир чайнар, деган мақол шундай “орзу-ҳавас”қилиб, топганидан айрилганларга нисбатан айтилган бўлса, ажабмас. Бироқ у бўш келгиси келмади.  “102” га қўнғироқ қилиб: “Тунги клуб ходимлари уриб,телефонимни  тортиб олишди ва мени ҳайдаб юборишди”, дея арзу-дод қилди.

— Қилғиликни қилиб, ҳолатдан бундай жирканч ҳолда чиқишни ўйлаган Фаррруҳнинг режаси иш бермади, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими катта терговчиси, майор Олим Раззаков. – Гувоҳлар, видеокузатувдаги тасвирлар унинг ёлғон гувоҳлик бераётганини фош этди. Келтирилган далиллар олдида ўзи ҳам уялди, аммо кеч бўлганди.   

1989 йилда туғилган Фарруҳнинг қилмиши Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 237-моддаси, 2-қисми “Б” банди (“Ёлғон хабар бериш”) билан айбли деб топилди ва мазкур кодекснинг 72-моддаси қўлланиб, 3 йил синов муддати белгиланди.

Барча янгиликлар

Text to speech