11 Октябр 2024 йил 482

“Ўғирлаб, ичиб – қамоққа...”

Алижоннинг турли жиноий қилмишлари учун суд томонидан тайинланган жазолар муддатини ҳисоблаб чиқадиган бўлсак, 21 йилу 6 ойни ташкил этаркан, бу галгисини қўшмаганда. Бир инсоннинг йигирма йилдан ортиқ умри панжара ортида кечишини тасаввур қилиш қийин. Унинг жиноий таржимаи ҳоли 1994 йилда, айни навқирон ва баркамол 18 ёшида ўғирлик жинояти билан бошланган. Бу қилмиши учун 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Кейин жиноятлар занжири бир-бирига уланиб кетаверган. “Омадли жентльменлар” кинофильмида “доцент” лақабли жиноятчи ролини ўйнаган  актёр Е.Леонов айтганидек “ўғирлаб, ичиб – қамоққа, ўғирлаб, ичиб-қамоққа”. Шу зайлда ҳаётининг аксарият қисми панжара ортида эрксиз, завқсиз ва мазмунсиз ўтиб борди. Бу орада оиласидан айрилди. Ота-онасидан қолган кичкина ҳовлида бойўғлидек бир ўзи яшаб келаётганди. Бир вақтлар маҳалланинг олди уйи бўлган бу ҳовли қаровсизлиги туфайли хароба ва бефайз бир гўшага айланган. Бироқ бунга ўзи ўкинмаса, тавбасига таянмаса, тегишли хулоса чиқармаса ўзганинг жонкуярлиги бефойда.

Алижон хавфли рецидивист бўла туриб, 2023 йилнинг 1 октябрида соат 16.00ларда  Чилонзор тумани Бешқўрғон маҳалласида жойлашган бозор автотураргоҳида айланиб юриб, уяли телефон орқали сўзлашаётган йигитга кўзи тушди. 2009 йилда туғилган Муҳаммад сўзлашиб бўлгач, нархи уч миллион сўм бўлган “Redmi note 10 S” телефонини чўнтагига солганида, уни ўғирлаш фикри келди. Муҳаммад йўналиш таксисига чиқаётганида у ҳам йўловчи сифатида ўзини чиқаётган кўрсатиб унинг ортидан эргашди. Аммо телефонни усталик билан қўлига киритгач,  тезда йўналишини ўзгартириб, шошиб бошқа томонга йўл олди.

— Ўша куни  бироз спиртли ичимлик ичганини, нима қилаётганини билмаганини айтиб, қилмишини хаспўшламоқчи бўлди, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Бобур Жумабоев. – Бироқ жиноят қай ҳолатда содир этилмасин у барибир жиноят. Ўғирлаган телефонни ўзига тегишлилиги, пулга муҳтожлигидан сотаётганини айтиб 400.000 сўмга пуллаб юборган. Аслида қиммату лекин арзон гаровга сотилаётган буюмнинг харидори кўп бўлади. Фуқароларимиздан бундай буюмларга қизиқмасликларини сўраб қолардик. Чунки, ютаман деб ўйлаб, чув тушиб қолиш мумкин.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида 1976 йилда туғилган, ўрта маълумотли, икки фарзанднинг отаси, хавфли рецидивист бўлган Муҳаммаднинг қилмишига қонуний баҳо берди.  У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбдор деб топилди ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Барча янгиликлар

Text to speech