3 Июл 2024 йил 1235

Очиқча товламачилик

2023 йилнинг айни жазирамаси. Шомдан кейин  ҳарорат сал пасаяди. Аксарият одамлар  бу вақтда салқин ҳаводан нафас олгани чиқишади. Мурод эса бошқа ниятда кўчага йўл олди. Чилонзор метро  бекати олдида куймалана-куймалана, дарахтлар соясида  “Redmi Note 10”  уяли телефонида гаплашиб турган Жўрабойнинг олдида ўралаша бошлади. У суҳбатини тугатиши биланоқ очиқдан очиқ  талончилик йўлига ўтиб, қўлидан телефонни тортиб олди. Афанди  боғда ўғирлик қилиб қўлга тушгач, нега ўғирлик қилдинг, деб сўраган боғ эгасига “нега хотинингга кавуш олиб бермадинг”, деганидек, ҳеч нарсадан хабари йўқ одамга “нега менга ҳурматсизлик қилдинг”,  дея  икки-уч марта юзига  шапалоқ тортди. Жабрланувчининг телефонини қайтариш ҳақидаги  сўровларига пул берса, қайтаришини айтди. Жўрабой ёнида пул йўқлигини айтганда, телефон аппаратига ўрнатилган илова орқали  пластик картаси ҳисобида 1 317 000 сўм борлигидан хабар топиб,  пулни ўтказиб бермаса кимларнидир, қаерлардадир кўришини шаъма қилиб қўрқита бошлади. Калтак еб, майиб бўлиб қолишдан қўрққан Жўрабой, дастлаб 550 минг сўм сўнгра унинг тазйиқи остида яна 70 минг сўм пул ўтказишга мажбур бўлди.  Мурод қилган ишидан мамнун ҳолда, телефонни эгасининг  башарасига ирғитганча тун қаърига шўнғиди. Жўрабой фурсатни бой бермай, Чилонзор тумани ички ишлар идораларига мурожаат қилди.

– Икки нафар фарзандли, ёши қирқларга яқинлашган Муроднинг тўрт маротаба судланишига қарамай, тегишли хулоса чиқармагани ачинарли ҳолдир, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ  ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, майор Камолиддин Нарзиев. – Фарзандлари, оиласи учун нақадар уятли ҳолат.  Қолаверса, қўни-қўшни, яқинларидан ҳам. Аммо жиноятга мойил, белини букмай пул топишни ният қилган одамдан нимани кутиш мумкин?!

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси билан айбланган Муродга тўрт йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Энди у фарзандлари тарбияси билан шуғулланиш ўрнига, ўзини тарбиялашига тўғри келади.

Барча янгиликлар

Text to speech