5 Сентябр 2024 йил 1122

Ношукр талаба

Исломбек пойтахт олийгоҳларининг бирида 3-босқичда таълим олиб келаётганди. Яна бир йил ўқиса, тайёр дипломли мутахассис. Нуфузли бир корхона-ташкилотда ишлаши ёки ўзи бирор фирмага асос солиши, ўз шахсий ишхонасига эга бўлиши мумкин эди. Ҳарқалай келажагини яратиш ўз қўлида эди. Аммо ...   2023 йилнинг 2 май куни Мақсудга тегишли "Samsung А51” русумли уяли телефонини сотиб олди. Телефон аппаратидаги  “Clik” иловасига рухсатсиз, қонунга хилоф равишда кириб, унда икки шахсга тегишли: Халқ банки томонидан Абдурахимов ва Абдурахимовалар номига берилган пластик карталарга оид маълумотларни кўрди. Ўша куннинг ўзидаёқ оқибатини ўйламай 1.734.170 сўм пулни ечиб олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборди. Туни билан ухламади. Негаки,  иловадаги иккинчи шахсга тегишли пластик картадаги омонат унга тинчлик бермаётганди. Эртаси 3 май куни такроран иловага қонунга хилоф равишда кириб 734.360 сўм пулни ечиб олди.

– Исломбек ўзига яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, бахтли келажагини таъминласа бўларди. Аммо унинг бузуқ нияти жиноят сари етаклади, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бошқармаси Тергов бўлими терговчиси, майор Даврон Ёқубов. – Аксинча, олий маълумотли мутахассис бўлганида  пул топиш имкониятлари кўпроқ очиларди, афсуски сабри чидамади. Олийгоҳда ўқиш ҳар бир йигит-қизнинг орзуси. Исломбек эса бу қилмиши билан ўз оёғига ўзи болта урди.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан 2000 йилда туғилган Исломбек Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган (“Ўғирлик”) жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилди ҳамда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Барча янгиликлар

Text to speech