14 Июн 2024 йил 1749

Номардлик

Алишернинг тўрт нафар фарзанди бор. Аслида фарзандлар қанча бўлишидан қатъий назар ота-онага масъулият юклаши лозим. Лекин  ўз нафсининг қули бўлган айримларга бунинг аҳамияти йўқ. Алишер шундайлардан. Йўқса, уч маротаба судланиб, умрининг деярли йигирма йилини қамоқхоналарда ўтказармиди?! Хавфли рецидивист мақомини олармиди?! Аммо булардан тегишли хулоса чиқармагани ойдек маълум.  Ҳолбуки,  2023 йилнинг октябрида яна суднинг қора курсисига ўтирди. Пихини ёрган Алишер бу гал айбни унинг қилмишларидан мутлақо бехабар, нафақат қилмишларидан, ашаддий жиноятчи эканлигидан бехабар аёлга ағдармоқчи бўлди.

Алишер навбатдаги  жазони ўтаб қайтгач, савдо-сотиқ билан шуғулланишга қарор қилди. Шу баҳонада тез-тез пойтахтга қатнай бошлади. Шундай сафарлардан бирида Пардагул билан танишиб қолди. Унинг турмуш ўртоғи йўқлигини, икки вояга етмаган фарзандларини ёлғиз тарбиялаётганини билиб, ёрдам бериб туришини айтиб, ижарага уй олиб бирга яшаш таклифини берди. Пардагул рози бўлди. Ўша куни Алишер йўлдан чарчаб келганлигини, очқаганини, бозорга бориб ул-бул олиб келиши, қайтишда бир шиша ароқ ҳам келтиришини тайинлаб, Пардагулни бозорга жўнатди. Ўзи аста  яширган жойидан гиёҳванд моддасини олиб истеъмол қилиб, уйқуга кетди. Эшик қўнғироғи жиринглаганда, Алишер Пардагул келди, деган ўйда эшикни очди. Бироқ остонада ички ишлар идоралари ходимларини кўриб, ҳуши учди. Хонадонда ўтказилган тезкор-тинтув жараёнида балкондаги чангютгич ичидан гашиш, марихуана, хўжалик сумкаси ичидан катта миқдорда  яна гашиш ва марихуана ҳамда электрон тарози гувоҳлар иштирокида топилиб, хатланди. Алишер бу моддалар уники эмаслигини айтди.

– Мен бу ерда меҳмонман. Йўлдан келганимга ярим соат бўлди. Уй эгаси мен эмасман. Булар Пардагулнинг нарсалари. Менинг  бу ерда ҳеч нарсам йўқ, – деб туриб олди Алишер.

Шу вақт ичида Пардагул ҳам келиб қолди. Ва топилган гиёҳванд моддаларнинг мавжудлигидан мутлақо бехабар эканлигини айтди.

 – Тергов жараёнида Алишер ҳамма айбларни Пардагулга  ағдаришга уринди. Номардларча иш тутди, – дейди терговни юритган Чилонзор тумани ИИО ФМБ ТБ катта терговчиси, майор Камолиддин Нарзиев. – Пардагул ҳатто унинг гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиши, сотуви билан шуғулланиб, бир неча маротаба қамалганини ҳам билмаган экан.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди Алишернинг қилмишларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 273-моддасига кўра ўн икки йил озодликдан маҳрум қилиш ва жазони ўташ жойларида мажбурий даволаш ҳақида ҳукм чиқарди. 


Барча янгиликлар

Text to speech