18 Май 2024 йил 1016

Нафс измида

Катта йўл ёқасида икки йигит автомашина тўхтатмоқда. Тўхтаган ҳайдовчига манзилни айтаркан, кира ҳаққини савдолаша бошлади.  Гапга тутди. Ҳайдовчи ўнг йўловчига бурилганда, чапда тургани унинг уяли телефонини ўмарди. Пулига келишмаган ҳайдовчи  йўлида давом этди. Зум ўтмай бошқа автомашина тўхтатилди. Бояги ҳолат яна такрорланди. Телефонини йўқотган бир неча ҳайдовчилар ички ишлар органларига мурожаат қила бошлади. Ходимлар томонидан уларнинг фотороботи яратилиб, ишга киришилди.

Ўғриларнинг изига тушган ходимлар пойтахт туманлари кўчаларини назоратга олишди.  Кузатувлар олиб борилаётган кунларнинг бирида ходимлар диққатини Чорсу бозори ёнида  автомашина тўхтатаётган икки йигит тортди.  Режага кўра ходимларнинг бири таксичи сифатида уларнинг ёнида тўхтади. Иккинчи ходим масофадан туриб, воқеани кузата бошлади.   Йўлга қўйилган усул бўйиича  “ҳайдовчининг” уяли телефони ўғирланди. Нархини келиша олмаган “ҳайдовчи”  йўлида давом этди. Унча узоқлашмай 50 метрлар нарида тўхтаб иккисини  кузата бошлади.  Яна  бир неча ҳайдовчи уларнинг тузоғига илинди. Ҳайдовчиларни чув тушириб келаётган ўғрилар шулар эканлиги маълум бўлгач, ходимлар уларни қўлга олишди. Улар гиёҳвандлик моддалари таъсирида эканлигини текширувлар тасдиқлади. Сўроқ вақтида  йигитлар қилмишларини тан олишмади. Гиёҳвандлик моддасининг таъсири тарқагач, видеотасвирларни кўриб, лол бўлиб қолишди.  Сўнг улар ўғирланган  нарсаларни арзон гаровга сотиб ўзларига керакли  гиёҳванд моддаларни сотиб олишганлигини баён этишди.  Тергов жараёнида гиёҳванд моддалар истеъмоли учун шу усулда пул топаётган йигитлар пойтахтнинг кўплаб туманларида йигирмага яқин ана шундай ўғирликларни амалга оширгани аниқланди.

Шу ўринда соғлом, куч-қувватга тўла, навқирон йигитларнинг ўз ҳаётларини  мана шу алфозда  олиб бораётганидан афсусланиб кетасан. Ахир гиёҳвандликнинг охири аянчли тугашини наҳот билишмайди. Наҳот  аниқ далиллар мисолида кўрсатилаётган кўрсатувлар, ижтимоий тармоқлардаги контентлар ибрат бўлмаса. Наҳот инсон ўз-ўзига душман бўлса? Ҳаётини, ўзини, ёшлигини қадрлай билмаса.  Одатда гиёҳвандлар 40 ёшга ҳам етиб-етмайди, организмнинг  силласи қуриб, гиёҳванд модданинг озгинасини ҳам кўтара олмай қолади охири. Бу - гиёҳванд модда ўлжасини маҳв этди дегани. Гиёҳвандлар бошқа жиноятлардан ҳам тап тортмаслиги эса бу каби мисоллар билан ўз тасдиғини топиб келмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech