13 Март 2024 йил 1288

Мусобақанинг финал босқичига таклиф этамиз

Спортнинг волейбол тури бўйича Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи кубоги пойтахтимиз маҳаллаларидаги иқтидорли ёшларни кашф этишда муҳим омил бўла олди. 15 февралдан старт олган баҳслар тобора қизғин паллага яқинлашмоқда.

Қизғин ва муросасиз ўтган мусобақанинг ярим финалида ўғил болалар жамоаси орасида ғолибликни қўлга киритган Мирзо Улуғбек туманининг Ал-Фаробий маҳалласи вa Янгиҳаёт туманининг Файзли маҳалласи жамоалари финал босқичида 1 ва 2-ўрин учун ўзаро кураш олиб боради. 3-ўринни эса Юнусобод туманининг Нурмакон маҳалласи эгаллади.

Қизлар жамоаси ўртасида Сергели туманининг Янги Сергели маҳалласи ва Бектемир туманининг Миришкор маҳалласи биринчилик учун ўзаро кураш олиб боришади. 3-ўринни Яшнобод туманининг Аҳмад Яссавий жамоаси қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, 1-ўрин учун жамоанинг ҳар бир вакилига 7 миллион сўмдан, 2-ўрин учун 5 миллион сўмдан, 3-ўрин учун 3 миллион сўмдан пул мукофоти ва диплом берилади.

Мусобақанинг финал босқичи пойтахтимизнинг Юнусобод тумани Турғунбоев кўчасидаги “Юнусобод” спорт мажмуасида 14 март куни соат 13.00 да бошланади. Финал босқичи қизғин спорт ўйини ва шоу дастурлари билан давом этади, унда халқимиз севган санъаткорлар ўзларининг чиқишлари билан жамоалар ва мухлисларни хушнуд этади.

Барча спорт ихлосмандларини, шунингдек маҳалла вакилларини ўз жамоаларини қўллаб-қувватлаш учун ушбу финал ўйинига таклиф этамиз. Кириш мутлақо бепул.

Барча янгиликлар

Text to speech