11 Октябр 2024 йил 499

Меҳнатдан қадр топиш - саодат

       Тошкент давлат университетини тамомлаган Улуғбек Шайханов ўз тақдирини юрт тинчлиги, осойишталигини сақлаш, республикамизнинг равнақи ва тараққиётига рахна солувчи, нопок ва ғаразли кимсаларга қарши кураш ишига боғлади. 1993 йили у Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИБ  вояга етмаганлар билан ишлаш инспекцияси инспектори лавозимида иш бошлади. Ўсмир ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, адашиб жиноят кўчасига кириб қолганларни тўғри йўлга солиш борасида фаол амалий ишлар олиб борди. Унинг ўз вазифасига жонкуярлик ва ҳалоллик билан ёндашиши, топшириқларни қонун доирасида якунига етказиши  раҳбарият эътиборидан четда қолмади ва у хизмат поғоналари ва лавозимларда юқорилаб борди. Бугунги кунда подполковник Улуғбек Шайханов Тошкент шаҳар ИИББ пробация бошқармаси бош инспектори лавозимида сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда.


       Маълумки,  мазкур хизмат ички ишлар органлари томонидан жазоларнинг ижро этилишини таъминлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш асносида тузилган. Бу соҳа ходимлари озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари, жамоат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликда шартли озод қилинганларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш каби қатор профилактик чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Бунда ўттиз йилдан ошиқ ички ишлар идораларининг турли соҳаларида унумли хизмат қилиб келаётган подполковник Улуғбек Шайхановнинг ҳам меҳнатлари беқиёс.


       – Албатта, жазони ижро этиш тизимини такомиллаштириш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш, маҳкумларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш учун ахлоқан тарбиялаш, меҳнатга ўргатишнинг шаффоф ва самарали ҳуқуқий механизмларини амалга жорий этиш борасида кўплаб ишлар қилиняпти, – дейди қаҳрамонимиз. – Бошқарма томонидан шартли озодликка чиққан ишсизлар ишга жойлаштирилмоқда, моддий ёрдам олиш, саломатлигини тиклаш, маиший, ҳуқуқий ва руҳий масалаларда кўмаклашилиб, уларнинг бандлигини таъминлаш йўлида ўқув курсларида касб-ҳунар эгаллашлари учун имкониятлар яратилмоқда. Худди шундай хизматлар ахлоқ-тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинганларга ҳам кўрсатилади. Мақсадимиз битта – адашган фуқароларни жамиятимизнинг соғлом ва фаол иштирокчисига айлантириш. 


      Хизмати давомида подполковник У.Шайханов кўплаб шогирдлар етиштириб, ҳали-ҳамон уларга тўғри маслаҳат ва фойдали тавсияларини беришга вақт топади. Ҳалоллиги, ўз бурчига масъулият билан ёндашиши туфайли унинг хизматлари раҳбарият томонидан рағбатлантирилиб  келинмоқда. 2022 йилда Ички ишлар вазирлиги томонидан  1-даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирлангани унинг хизматларининг  муносиб эътирофидир. У.Шайхановнинг хизматдаги тажрибаси  ва малакаси ҳар бир ёш ходим учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Барча янгиликлар

Text to speech