24 Май 2024 йил 1213

Маккора энага

Киши ўз оила аъзоларига ишонмаса, гумонда бўлса, бундан азобли ва хунук нарса бўлмаса керак. Мана бир ойки Мушфиқнинг (исмлар ўзгартирилган) оиласида ҳаловат йўқ. Бор йўғи эр-хотин, икки вояга етмаган гўдак ва онаси яшайди. Ҳаммаси тилла узукнинг йўқолишидан бошланди. Кейин яна ва яна... Хотини эрини жазман топганликда, тилла буюмларни унга совға қилганликда айблади. Она ўғлининг ёнини олиб келинга терс бўлди.  Пуллари йўқола бошлагач, Мушфиқ онаси билан хотинидан шубҳаланди.  Алалоқибат ички ишлар идорасига мурожаат қилишга қарор қилинди. 

Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ходимлари воқеа жойига чиқиб, буюмлар қаерда сақлангани, уйга кимлар ташриф буюргани борасида суриштирув ишларини олиб боришди. Номлари келтирилган шахслар билан суҳбатлашилганда, уларнинг ўғирликка  алоқаси йўқлиги аниқланди. Тергов муаллақ туриб қолди.

Туман ИИО ФМБ терговчиси ҳужжатларни синчиклаб қайта кўздан кечираркан, яна бир бор хонадон эгалари билан учрашишга қарор қилди. Ҳолбуки, эр-хотин иккиси ишлайди, кекса онахоннинг икки вояга етмаган набиралари қарови билан шуғулланишга соғлиғи ва ёши тўғри келмайди. Кекса онахоннинг ўзи қаровга муҳтожлигини ҳисобга олсак, болалар билан кимдир машғул бўлган ёки машғул. Ёки уй эгаларига жуда яқин бир кимса борки, уй эгалари ундан мутлақо шубҳаланишмайди. Шу боис унинг номи ҳатто тилга олинмади, эсга ҳам келмади. Суҳбат давомида терговчи онахондан болаларга энага ёлланган-ёлланмаганлиги билан қизиқди.

— Ҳа, ҳа, энага ёллашганди.  

— Ҳозир қаерда?

— “Иш ҳаққи кам”, деб кетиб қолди.

Терговчи энаганинг исм -шарифи, қаердан келгани, ким тавсия этгани, манзили ҳақида сўраб суриштирди. Яхшиямки, уй аъзолари энагани расмий клиринг компания орқали ёллашган экан. Компания масъули билан суҳбатлашилганда, энаганинг илгариги иш жойидан ҳам шикоятлар тушгани аниқланди. Энага ҳақида тегишли маълумотларни олган терговчи уни  суҳбатга чақирди. Суҳбат давомида гумондор уй эгалари унга туҳмат қилаётганини, бир-икки марта улар айтган ишни қилишдан бош тортганлиги учун ўч олаётганини айтиб, ўғирликни тан олмади. Бироқ терговчига бу ҳолат  таниш бўлганлиги боис, суҳбатга яхши тайёрланган эди.

Энага бир неча ой ишлаб, уй эгаларининг ишончига киргач, аста-секин қаерда нима туришини билиб олди. Сўнгра шубҳа уйғотмай ишдан кетиш каби режаларни туза бошлаган. Аввал кичик, кейин каттароқ нарсаларни ўмарган.

— Пулларни оз-оздан олардим, дейди аёл. Улар учун 50 минг, 100  минг сўм пул эмасди. Шу боис ҳисобдан адашиб, майда-чуйдага ишлатганлигига ишонишарди. Учинчи ойда кетишим кераклигини сездим. Чунки, вазият шуни тақозо қиларди. Бу ёғига сирим очила бошларди.  Иш ҳақим камлигидан нолиб, бошқа иш топганлигимни баҳона қилиб, кетиб қолдим.

Унинг жиноятни тан олиши ва қилмишидан пушаймонлиги суд томонидан жазо тайинлашда инобатга олинган албатта, аммо... Уни ўз оиласига киритган, фарзанди ва онасини қаровини ишониб топширган шахсларнинг ишончини суистеъмол қилганлигини қандай оқлаш мумкин?!

Бугунги кунда рўзғоримиз, уй юмушларимизни ўз гарданига оладиган турли компания дейсизми, хусусий ташкилот дейсизми, кўпайиб бормоқда. Аммо мазкур хизматдан фойдаланишда эҳтиёткорроқ бўлиш, тавсияномалар билан эътиборли, чуқурроқ танишиш, жиддий суҳбатлашиш, зарур бўлганда қўшимча маълумотлар сўраш лозим. Ўзингизга тегишли қимматбаҳо буюмлар ва ҳужжатларни ишончли ва бегоналар қўли етмас жойда сақлаганингиз маъқул. Ҳушёрлик, эҳтиёткорлик ҳеч қачон панд  бермайди.

Барча янгиликлар

Text to speech