Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича ишлар ўрганилмоқда
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва прокуратура масъуллари томонидан Бектемир туманида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Дастлаб туманда жойлашган ИИВнинг Малака ошириш институтига борилиб, ходимларга яратилган шароитлар, уларнинг малакасини ошириш ва қайта ўқитиш масалалари билан яқиндан танишилди. Сўнгра “Роҳат” маҳалласидаги аҳоли гавжум жойлар ва кўп қаватли уйларга камералар ўрнатилиши, савдо муассасаларининг Миллий гвардия қўриқловига олиниши аҳволи бевосита кўздан кечирилди. Кўп қаватли уйларнинг эшикларига замонавий "домофон"лар, уйларнинг кириш йўлакларига "ташвиш тугма"лари ўрнатилиши бўйича вазифалар ижроси текширилди.
Ўрганиш якунига кўра, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Йиғилишда туман маҳаллаларига бириктирилган масъуллар томонидан Президентнинг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон қарори ижроси бўйича ахборотлари тингланди.
Бу каби тадбирлар шаҳарнинг бошқа туманларида ҳам амалга оширилмоқда.