24 Август 2024 йил 856

Лақмаликми, очкўзликми?

         Рамзиддин туппа-тузук оила фарзанди. Ота-онаси фарзандларига ҳалол едириб, ҳалол меҳнат қилишга ўргатган. Лекин Рамзиддиннинг табиатида яширин шумлик бор эканми, мактабни битирибоқ, суднинг қора курсисига ўтирди. Ота-онасининг панд-насиҳатлари кор қилмаган экан, иккинчи бора ҳам жиноятга қўл урди. Афсуски, бундан ҳам тўғри хулоса чиқармади.  2021 йилнинг февраль ойи бошида  у Шайхонтоҳур туманида жойлашган касалхона ёнида телефонлар савдоси билан шуғулланувчи, 1980 йилда туғилган Камоланинг ишончига кириб, гўёки пештахталарда чангдан сарғайиб ётган молларини тезда сотиб бериши мумкинлигини айтади. Шундоқ ҳам савдоси юришмай, пулга зориқиб турган Камола унинг ваъдаларига ишониб, тўрт дона “Mi 10 Pro”, бир дона “Iphone 12 Pro Mах”, бир дона “Mi T 10” русумли, жами 5.140.000 АҚШ долларилик уяли алоқа воситаларини  пулини сотганидан кейин олиш шарти билан бериб юборади. Ҳаром луқманинг мазасини тотиб кўрган Рамзиддин ўн кунлар ўтиб яна Камоланинг дўконига ташриф буюради. Уни кўрган қиз пулларни олиб келди, деб ўйлаб қувонади. Аммо у:


        – Бир яхши таклиф билан келдим. Сиздан олган телефонларни сотиб бўлдим. Бироқ бу пуллардан фойдаланиб турсам дегандим, албатта, рухсат берсангиз. Чунки, мен 10 кунга Дубайга кетяпман. У ердан арзон телефон ва бошқа техникалар олиб келаман. Бирор нарса керак бўлса, келтириб беришим мумкин. Қайтиб келай, кейин пулларни фоизи билан бераман, шуни айтгани келгандим. Яна мени излаб, нотўғри фикрларга бориб юрманг, – дейди. 


        Унинг тузоғига илинган қиз 10 дона “Playstation” ўйини жиҳозлари – консолларига буюртма беради ва ўз қўллари билан 4.050  АҚШ долларини фирибгарга тутқазади. Шу-шу Рамзиддин билан ички ишлар идораларида кўришишга тўғри келади.


          –  Ҳар қандай шахс билан бирор бир тасдиқловчи ҳужжатсиз, гувоҳларсиз, кафолатланмаган олди-бердиларни амалга ошириш нотўғри ҳаракатдир, – дейди Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Камронбек Сайфутдинов. – Фирибгарлик тобора кўпайиб бормоқда. Бу ҳақда қанчалик бонг урмайлик ишонувчан, соддадил инсонлар фирибгарларнинг осон “ўлжаси”га айланиб қолишмоқда.


         Шу ўринда, арзон мол олиб, қимматроқ сотиб бойиш умидида озидан ҳам айрилиб қолаётганлар қилаётган ишларини тарозига солиб кўрсалар яхши бўларди.


          Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди Рамзиддинхўжанинг хатти-ҳаракатига қонуний баҳо бериб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ( “Фирибгарлик”) билан айбли, деб топди. Айбланувчининг қарамоғида  икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплагани ва жабрланувчининг даъвоси йўқлигини ҳисобга олиб,  иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech