18 Май 2024 йил 1034

Китоб — энг яхши суҳбатдош ва тарбиячи

Ҳар йили 21 май куни ахборот-кутубхона тизими ходимлари куни нишонланади. Шу куни  қўлёзмалар шаклида битилган миллий ва маданий меросимизни сақлаш ва тарқатишда жонбозлик кўрсатаётган, вазифаларини фидойилик билан бажариб, илм зиёсини тарқатишга ўз ҳиссаларини қўшиб келаётган  барча ходимларни  қутлаш анъанага айланган.

Тошкент шаҳар ИИББ кутубхонаси ходимларнинг маънавий озуқа олиш манбаи десак, муболаға бўлмайди. Зотан, ички ишлар ходимларини маънавий савиясини ошириш, маданиятини юксалтириш, дунёқарашини шакллантиришда китобнинг, нашрларнинг ўрни беқиёсдир. Кутубхона фонди  янги адабиётлар, нашрлар билан тўлдириб борилмоқда. Бугунги кунда унинг фондида  тўрт мингдан ортиқ  турли мавзулардаги адабиётлар мавжуд.

2019 йилда Республикамиз Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори кутубхонанинг ўқувчиларга хизмат кўрсатиш имкониятларини янада кенг очиб берди.  Илғор технологиялар  асосида қайта жиҳозланган зиё маскани Ахборот-ресурс маркази деб қайта номланди ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасига интернет орқали уланди. Бу китобхонларга 27 мингдан ортиқ адабиётлардан электрон равишда бепул фойдаланиш имконини яратди.

— Ҳозирги кунда китобхонлар сони ошиб бораётгани қувонарлидир, — дейди пойтахт ИИББ Ахборот-ресурс маркази бош кутубхоначиси лавозимида ишлаб келаётган Озода Абдувалиева. — Марказда Юртбошимиз асарлари, ҳуқуқ-тартибот, қонунчиликка доир, тарихий, бадиий асарлар жой олган. Шунингдек, ички ишлар фаолиятини бевосита ёритиб келаётган “Постда” газетаси, “Қалқон”-“Щит” журналларининг ҳар бир сонлари йиғилиб борилади. Мазкур кутубхонадан чиқмай туриб, вақтли матбуот нашрлари порталида 60 дан ортиқ номдаги газета ва журналларнинг электрон шаклидан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, исталган адабиётингиз аудиокитобини юклаб олишингиз имкони мавжуд.

Шу ўринда  Озода Абдувалиеванинг 1987 йилдан ИИББ ҳузуридаги Манзил-маълумот бериш хизматида оддий рўйхатчи бўлиб ишлаб, бошлиқ ўринбосари лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтганини қайд этиш керак.

— Ходимлар фақат ўзлари учун эмас, балки кекса ота-оналари учун ҳам  китоблар олишади, — дейди мамнуният билан Озода, — Ёзги таътил бошланиши билан китобхонларнинг  фаоллиги янада ошади. Бу вақтда фарзандлари учун ҳам адабиётлар танлаш кучаяди. Кутубхонада барча ёшдаги ўқувчиларни қизиқтирувчи адабиётлар етарли.

Кутубхона фонди ҳар йили янги нашрлар, касбга тааллуқли, илм-фанга оид адабиётлар билан тўлдириб борилмоқда.

Кутубхонага қанча ходим кўп ташриф буюрса, О.Абдувалиева шунчалик қувонади. Ахир китоб билан ошно бўлган инсон ёмонликдан узоқ бўлишига, эзгулик ва яхшиликка интилишига ишонади у.

Бу даргоҳга нафақат ходимлар балки мактаб, лицей  ўқувчилари, вояга етмаганлар билан ишлаш маркази  тарбияланувчилари ва бошқалар ҳам ташриф буюришади. Турли учрашув, кўрик-танловлар ўтказиб борилади.

Айни кунда марказ 700дан ортиқ обуначига эга.  Ахборот-ресурс маркази шинам, озода, ёруғ, китоблар мавзулар бўйича тартиб билан жойлаштирилган. Шу боис ўқувчи бу ердан ўзига керакли бўлган адабиётни тезда топиб олади.

Қаҳрамонимиз айтганидек, китоб ўқиган киши маданиятли, маърифатли бўлиб, бундайлар билан суҳбатлашиш  ёқимли ва фойдалидир. Шундайларгина ички ишлар идораларида ишлашга муносиб. Китоб билан дўстлашувчилар, китоб мутоаласига иштиёқмандлар сафи кўпаяверсин. Биз эса ИИББ Ахборот-ресурс маркази бош кутубхоначиси Озода Абдувалиевани касб куни билан самимий табриклаб қоламиз.

Барча янгиликлар

Text to speech